Жаҳон | 12:19 / 05.12.2021
14202
3 дақиқада ўқилади

Видео: Индонезиядаги вулқон уйғонди. Қурбонлар бор

Индонезиянинг Ява оролидаги Семеру вулқони жорий йилда иккинчи марта отила бошлади ва ундан отилаётган кул устуни баландлиги 15 километргача етган.

Фото: UGC

4 декабрда Индонезиянинг Ява оролида Семеру вулқони фаоллашди. Вулқондан отилган кул 15 км баландликкача кўтарилган. Табиий офат ўнлаб кишилар ўлимига, қарийб юз кишининг жароҳат олишига олиб келган.

Қора кул булути оролни қоплаган. Одамлар саросимада ўз уйларини тарк этишган. Шу билан бирга, ўнлаб одамлар қидирилмоқда. Кура Керобокан қишлоғида ўнлаб одамлар вулқондан отилган лаванинг қотиши ва кул сабабли ўз уйларида қамалиб қолишган. Қутқарувчилар улар олдига етиб боришга ҳаракат қилишмоқда. Айни вақтда 10 кишини қутқаришга муваффақ бўлинган.  

Табиий офат оқибатларига қарши курашиш агентлиги расмийси маълумотига кўра, фалокат ҳудудидан мингга яқин киши эвакуация қилинган.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, ҳодиса қурбонлари сони 56 нафарни ташкил этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда вулқон кулидан қочиб, бошқа жойга кетаётган катталар ва болалар акс этган видеолар тарқалган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, вулқон отилиши шунчалик кучлики, кул устуни туфайли осмон ва қуёш кўринмай қолган.

Семеру вулқони уйғониши баробарида шағалли ёмғир қуя бошлаган.

DAFFA AMINULLAH

Семеру тоғидаги вулқон - дунёдаги аҳоли энг тиғиз яшовчи орол бўлмиш Явада жойлашган. Вулқон уйғонгач, атрофда яшовчи аҳоли орасида ваҳима бошланган.

Ява осмонидан рейсларни амалга оширувчи авиакомпаниялар вулқон устуни 15 километргача баландликка кўтарилгани ҳақида огоҳлантирилган.

Австралиянинг Дарвин шаҳридаги вулқон куллари бўйича маслаҳат маркази хабар қилишича, кул устуни вулқондан жануби-шарқ томон юқориламоқда. Марказ авиакомпаниялар билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Вулқон кули самолёт двигателларига ўрнашиб қолса, уни тўхтатиши ёки парвоз пайтида шикастлантириши мумкин.

Кул шунингдек учувчилар хонасида кўриш қобилиятини чеклайди ва самолёт салонидаги ҳавони ифлослайди, натижада йўловчиларга кислород ниқоблари талаб этилиши мумкин.

AFP

Семеру Ява оролидаги энг баланд чўққи ҳисобланади. У денгиз сатҳидан 3676 метр баландликда жойлашган ва Индонезия ҳудудидаги 130 та фаол вулқондан бири ҳисобланади. Вулқон аввалги марта жорий йил бошида отилган. Ўшанда ушбу ҳодиса ҳеч қандай талафотлар ва йўқотишларга олиб келмаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид