Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи. Бу жаҳон сиёсати учун нимани англатади?
Путин пандемиядан кейинги иккинчи хорижий сафарини Ҳиндистонга амалга оширмоқда. Бу ташриф давомида Ҳиндистонга С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини етказиб бериш бўйича ҳам музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.
Россия президенти Владимир Путин амалий ташриф билан Ҳиндистонга боради ва мамлакат бош вазири Нарендра Моди билан мудофаа ва савдо соҳаларида музокаралар олиб бориши кутилмоқда. Путин душанба куни кечқурун Деҳлига учиши керак. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам музокараларда Россия президенти билан бирга қатнашиши кўзда тутилган.
Бу Путиннинг пандемия даврида АҚШ президенти Жо Байден билан жорий йилнинг 16 июнь куни Женевадаги учрашувидан кейинги иккинчи хорижий сафари. Кўпчиликда нима учун айнан Ҳиндистонга деган савол туғилмоқда.
Ҳиндистон – АҚШ алоқалари ва Хитой омили
Ҳиндистон – АҚШ муносабатларининг тобора ривожланиб бораётгани сўнгги ўн йил ичида Деҳли – Москва алоқаларидаги энг безовта қилувчи омиллардан биридир. Моди 2020 йилда Трампнинг Ҳиндистонга ташрифи муносабати билан катта митинг ўтказганди. Бу эса Вашингтонни қўллаб-қувватлашнинг очиқча намойиши бўлганди.
Сўнгги йилларда Вашингтон билан муносабатлари муттасил ёмонлашаётганига қарамай, Москва бу каби ҳолатларни эътиборсиз қолдириб келаётганди. Аммо Ҳиндистон Quad’га – АҚШ, Япония ва Австралия иштирокидаги иттифоққа қўшилгач, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров очиқча гапиришга ўтди. Quad ноҳарбий иттифоқ эканлиги ва аниқ бир давлатга қаратилмагани айтилган бўлса-да, бу жавоб Лавровни қониқтирмаган.
Quad (Тўрт томонлама хавфсизлик диалоги) — Австралия, Ҳиндистон, АҚШ ва Япония ўртасида Ҳинд-Тинч океани минтақасида хавфсизлик масалалари бўйича стратегик мулоқот ўтказилишига қаратилган тузилма. Биринчи мулоқот 2007 йилда Япония бош вазири Синдзо Абе, АҚШ вице-президенти Дик Чейни, Австралия бош вазири Жон Ҳовард ва Ҳиндистон бош вазири Манмоҳан Сингҳ иштирокида ўтказилган ва унда Хитойнинг Ҳинд ва Тинч океанидаги таъсирини камайтириш муҳокама қилинган.
Лавровнинг сўзларига кўра, Ғарб «Ҳинд-Тинч океани стратегияси»ни илгари суриш орқали Ҳиндистонни Хитойга қарши ўйинларга жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Москвада хизмат қилган собиқ ҳинд дипломати Анил Тригунаятнинг айтишича, Quad Россия учун «қизил чизиқ» бўлиб, икки давлат ўртасидаги музокараларда қайта кўриб чиқилади.
Москванинг Quad билан боғлиқ хавотирларини Хитой билан сўнгги йилларда яхшиланиб бораётган муносабатларидан ҳам тушуниш мумкин. Тригунаятнинг қўшимча қилишича, Россия Осиёдаги иқтисодий ва геосиёсий манфаатларини таъминлаш учун Хитой билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга мажбур бўлмоқда, чунки АҚШ бошчилигидаги Ғарб ҳам минтақада ҳукмронлик қилишга интилмоқда.
Хитойнинг АҚШ билан тобора ёмонлашаётган муносабатлари ҳам Пекин ва Москвани яқинлаштирмоқда. Аммо бу ерда вазиятни мураккаблаштирадиган нарса шундаки, Ҳиндистон – Хитой муносабатлари сўнгги пайтларда кескинлашиб бормоқда: икки давлат қўшинларининг Гальван водийсида тўқнашуви натижасида 20 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган. Кейинчалик Хитой ҳукумати ҳам тўқнашувларда ҳарбийлари ҳалок бўлганини тан олган.
Вашингтондаги Вилсон таҳлил маркази директори ўринбосари Майкл Кугелманнинг таъкидлашича, янги геосиёсий ҳолатлар «Ҳиндистон – Россия муносабатларига потенциал хавф туғдирмоқда».
Шу нуқтайи назардан, Путиннинг ташрифи алоҳида муносабатларни қўллаб-қувватлаш учун муҳимдир. «Менимча, Москванинг асосий мақсад Деҳли билан муносабатларининг аҳамиятини кучайтиришдир, ҳатто ҳозирги геосиёсий белгилар бунга қарама-қарши бўлса-да», — дея қўшимча қилади Кугелман.
Таҳлилчилар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг асоси ўзаро хавотирларни ҳал қилиш учун етарли даражада кучга эга деб ҳисобламоқда.
Мамлакатлар ўртасида муҳокама қилиниши кутилаётган масалалардан бири Афғонистондир. Чунки Ҳиндистон бу мамлакатда ўз таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Ён қўшниси ва рақиби Покистоннинг Афғонистондаги стратегик мавқега эгалиги ҳамда Россия, Эрон ва Хитой билан бу ерда норасмий иттифоқ тузгани Ҳиндистонни ташвишга солмоқда.
Расмий Деҳли Москвага Афғонистонда йўқотилган позициясини тиклашда ёрдам бериши мумкин бўлган куч сифатида қарайди.
Ҳиндистон ва Россия аллақачон «Брикс» (Бразилия, Хитой, Жанубий Африкани ҳам ўз ичига олган тузилма), Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (Хитой, Покистон ва Марказий Осиё мамлакатларини ҳам ўз ичига олади) ва РИС (Россия, Ҳиндистон ва Хитой) каби кўп миллатли ташкилотларда шерик ҳисобланади.
Ушбу ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик Москва ва Деҳлига ҳам икки томонлама, ҳам глобал масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш имкониятини беради. Хитойнинг ушбу форумларда аъзолиги ҳисобига Москва ўз таъсиридан фойдаланиб, Пекин ва Деҳли ўртасидаги баҳсли чегараларда тинчликни сақлашда воситачиликни таъминлаши мумкин.
Савдо ва мудофаа
Ташрифдан кўзланган мақсадлардан бири Россияда ишлаб чиқарилган С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини Ҳиндистонга етказиб бериш бўйича музокараларни якунлаш бўлиши мумкин.
С-400 «Триумф» мажмуаси 2000-йиллар бошида ишлаб чиқилган ва Россия армияси томонидан 2007 йилда қуролланишга олинган. Шундан кейин мажмуа бир неча марта модернизация қилинган. Мажмуа ҳаво ҳужумини олиб борувчи воситалар, жумладан самолётлар, баллистик ракеталар ва гипертовушли қуролга қарши мўлжалланган. У 250 км узоқликдаги ва 25 км баландликдаги нишонларни ура олади.
Тизим Ҳиндистонга Хитой ва Покистонга қарши мудофаа тизимини яратишда муҳим стратегик имкониятлар тақдим қилиши мумкин. Шу сабаб Ҳиндистон АҚШ санкциялари таҳдидига қарамай, бу борада Москва билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда.
2017 йилда Вашингтон томонидан Россиянинг бир қанча фирмаларига санкциялар жорий қилинганди ҳамда Россия, Эрон ва Шимолий Корея каби давлатлар мудофаа соҳасида ҳар қандай битимларни имзолаган бошқа давлатларга чеклов жорий этилишини кўзда тутувчи қонун қабул қилинган. Кутилаётган келишув АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида кескинликни келтириб чиқариши эҳтимоли бўлса-да, Деҳли Москва билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Ҳиндистоннинг Россия билан С-400 бўйича келишувга интилиши оқибатида икки қудратли давлат билан алоқаларини қандай мувозанатда ушлашини кўриш қизиқ бўлади. Ҳиндистон дипломатлари С-400ни сотиб олиш қарори Ҳиндистоннинг машҳур «стратегик автономия» амалиётини ҳам қўллаб-қувватлайди, деб ҳисоблайди ва улар АҚШ буни ҳурмат қилиши кераклигини қўшимча қилишмоқда.
«Сипри» таҳлил маркази ҳисоботига кўра, Ҳиндистон дунёдаги иккинчи энг йирик қурол импортчиси бўлиб, жаҳон мудофаа савдосининг қарийб 10 фоизи ушбу давлат ҳиссасига тўғри келади.
Ҳиндистон ўз портфелини диверсификация қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига импорт ҳажмини 70 фоиздан 49 фоизгача туширганига қарамай, Россия Ҳиндистоннинг энг йирик қурол етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда.
АҚШ 2011-2015 йилларда Ҳиндистонга Россиядан кейинги иккинчи йирик қурол етказиб берувчи бўлган, бироқ 2016-2021 йиллар оралиғида Франция ва Исроил ҳам бу борада Американи ортда қолдирди.
Шунингдек, Россия Ҳиндистонга мудофаа экспортини кўпайтиришни назарда тутувчи бошқа йирик битимлар имзолашни ҳам таклиф қилиши мумкин. Бироқ икки давлат ўртасидаги бошқа соҳалардаги савдо ҳажми анча пастлигича қолмоқда. Ҳиндистон ҳукумати ҳисоботига кўра, 2019 йилда ўзаро ташқи савдо айланмаси (пандемиядан олдинги давр) 11 миллиард долларни ташкил этган ва ижобий савдо сальдоси Россия фойдасига тўғри келган. Таққослаш учун, Ҳиндистон – АҚШ ташқи савдо айланмаси ўша даврда 146 миллиард долларни ташкил этган.
Россия ва Ҳиндистон ўз олдига 2025 йил охиригача ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш мақсадини ҳам қўйган.
Бундан ташқари Ҳиндистоннинг Россия Узоқ Шарқ минтақасига 1 миллиард долларлик кредит бериш қарори ҳам мамлакатлар ўртасидаги савдони оширишга ёрдам бериши мумкин. Ченнай-Владивосток денгиз йўлаги бўйича ҳам музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Бу йўналиш бизнес учун кўплаб янги имкониятлар очиши айтилган.
Ҳиндистон ва Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқи ўртасида эркин савдо шартномаси бўйича музокаралар ҳам олдинга силжиши мумкин. Агар келишув амалга ошса, бу товарларни икки минтақа ўртасида осонлик билан ташишга ёрдам беради.
«Савдо, мудофаа келишувлари долзарблигича қолар экан, икки давлат ўзаро геосиёсатдаги тафовутларни ҳал қилиш йўлини топади», дея қўшимча қилган жаноб Кугелман.
Мавзуга оид
10:45 / 16.06.2026
Зеленский Путинга G7 саммитида учрашув ўтказишни таклиф қилди
08:59 / 15.06.2026
Зеленский G7 саммитида Трамп билан учрашишини маълум қилди
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
14:20 / 11.06.2026