21:41 / 06.12.2021
5951

Шерматов: «Қозоғистон IT-компаниялари Ўзбекистонда ўз филиалини очишни режалаштирмоқда»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида АКТ вазири Шерзод Шерматов ҳам Нур-Султон шаҳрида бўлиб қайтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ташриф доирасида Марказий Осиёдаги энг йирик халқаро технопарклардан бири – Astana Hub компанияси резидентлари билан учрашдик. Учрашувда Қозоғистоннинг бир қатор IT компаниялари билан Ўзбекистонда ўз филиалларини очиш бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистон бозорида Қозоғистон компаниялари фаолиятини кенгайтириш бўйича амалий режалар муҳокама қилинди. Жумладан, жаҳон миқёсида талабаларни ишга таклиф қилиш билан шуғулланаётган мустақил мутахассисларнинг фаолиятини ташкил қилишга йўналтирилган «Оқуда» компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказдик.

Қозоғистон соҳамизнинг қатор йўналишлари бўйича МДҲда биринчи ўринда туради. Масалан, технологик ва жорий қилиш консалтинг хизматларини кўрсатишга ихтисослашган «Maxinum Consulting Group» компанияси билан музокара олиб бордик. Мазкур компания билан Ўзбекистон IT соҳасида илк қадамларини қўяётган мутахассисларни менторликка жалб қилишга келишилди. Ўз навбатида, «MyBuh.kz» компанияси билан Ўзбекистон ҳудудида унинг филиалини очиш ва IT park резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишга келишдик. «MyBuh.kz» компанияси тадбиркорларга бухгалтерия соҳасида автоматлаштирилган сервисни тақдим этади.

Маълумотларни таҳлил қилиш ва уларни визуаллаштириш хизматларини кўрсатаётган Datanomix консалтинг компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонлик компаниялари учун семинар ўтказишга, автотураргоҳлар учун ақлли ечимларни тақдим этаётган «Parqour» компанияси билан музокаралар олиб бориш натижасида IT park резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишга келишилди», деб Шерматовнинг сўзларини келирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Шерзод Шерматовнинг маълум қилишича, Astana Hub компанияси резидентлари билан учрашув давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, стартап-индустрияни ривожлантириш доирасидаги масалалар муҳокама қилинган. Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ИТ-компанияларининг икки давлат бозорига кириши масаласини кўриб чиқишга келишиб олган.

Top