20:17 / 07.12.2021
2010

Самарқандда меҳмонхона қурилиши учун рухсат олинган жойга кўп қаватли уй қурилаётгани маълум қилинди

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд шаҳрида меҳмонхона қурилиши учун рухсат олинган жойга тадбиркор томонидан кўп қаватли уй қурилаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 7 декабр куни вилоят ҳокими Самарқанддаги маҳалла ва кўчаларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш учун турли ташкилот раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлигида шаҳар кўчаларини пиёда айланган.

У Чўпон-ота, Садриддин Айний ва Намозгоҳ кўчаларидаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳолати ҳамда йўлларда аҳолига яратилган қулайликларни ўрганиб чиққан.

Жараёнда юқоридаги кўчаларнинг айрим қисмларида тадбиркорлар томонидан пиёдалар йўлакчаси ўрни эгаллаб олингани маълум бўлган. Аниқланишича, уларга давлат идоралари томонидан бир неча бор огоҳлантириш берилган бўлса-да, улар пиёдалар йўлакчаларини очиб қўймаган.

Бундан ташқари, Чўпон-ота кўчасида Famili Palas деб номланган қурилиш объекти текширилганда у ерда тадбиркор меҳмонхона қуриш учун рухсат олган ҳолда кўп қаватли уй қураётгани аниқланган. Шунингдек, мазкур объектнинг сотув офиси пиёдалар йўлакчасининг устига қурилгани ва бир неча марта огоҳлантирилганига қарамасдан йўлакча очиб қўйилмагани маълум бўлган.

Шаҳар кўчаларини айланиш жараёнида аниқланган камчиликлар бўйича вилоят миқёсидаги тўртта ташкилот раҳбарларининг лавозимига лойиқлик масаласи кўриб чиқилиши, бу бўйича тегишли вазирликларга расмий хат юборилиши айтилган.

Top