Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саудия Арабистони элчиси билан суҳбат: виза масаласи, олий даражадаги ташриф ва бандлик соҳаси ҳақида
Ўзбекистон фуқаролари Саудия Арабистонига туристик визани ҳам олиш имкониятига эга. Бу ҳақда Саудия Арабистони элчиси Юсуф ал-Утайбий Kun.uz’га берган интервьюсида маълум қилди.
Элчининг таъкидлашича, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда барқарор ривожланиб бормоқда.
“Расмийлар ўртасида ташрифлар алмашинуви бўлиб ўтди, улар давомида кўплаб шартномалар имзоланди. Биз ҳамкорликни, хусусан, Ўзбекистонга сармоя жалб этиш орқали янада мустаҳкамлашга интиламиз. Кўплаб соҳаларда, жумладан, сармоявий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг кўплаб жиҳатлари мавжуд.
Коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётига тўлиқ таъсир қилганига шубҳа йўқ. Биз Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини оширишга умид қиламиз ва интиламиз. Бу, биринчи навбатда, подшоҳликнинг Ўзбекистондан импорт қиладиган товарлари (мевалар, ёнғоқлар, кийим-кечаклар), шунингдек, подшоҳликнинг Ўзбекистонга экспорт қиладиган товарлари (хурмо, дори-дармонлар, минерал сув ва пестицидлар)га алоқадор.
Ҳар икки томондан кўриб чиқилаётган ва муҳокама қилинаётган кўплаб англашув меморандумлари ва келишувлари мавжуд. Маслаҳатлашувларнинг мақсади икки томон ўртасидаги ҳамкорликнинг томонларини мувофиқлаштириш ва келишиб олишдан иборат бўлиб, бу икки давлатга икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларда хизмат қилади”, дейди элчи.
Шунингдек, Юсуф ал-Утайбий Ўзбекистон фуқароларига виза бериш масаласи ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Ўзбекистон фуқаролари жорий йилнинг коронавирус пандемияси туфайли берилиши тўхтатилган, аммо жорий йил август ойида расман эълон қилинган туристик визани олиш имкониятига эга.
Умуман олганда, подшоҳлик ва Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти шафелигида ҳамкорлик қилмоқда. Позициялар доимий равишда мувофиқлаштирилиб, келишиб олинмоқда. Подшоҳлик Ўзбекистон манфаатларини қўллаб-қувватлайди.
Биз икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада кенгроқ даражага олиб чиқадиган, икки давлат сиёсий раҳбарларининг интилишларини рўёбга чиқарадиган олий даражадаги ташрифларни интиқлик билан кутамиз”, дея маълум қилди элчи.
Шунингдек, маълум қилинишича, айни пайтда икки давлат ўртасида Саудия Арабистони Кадрлар ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги орасида бандлик соҳасидаги иккита келишув мувофиқлаштирилиб, иш олиб борилмоқда.
“Сўзим охирида, Конституция куни муносабати билан президент жаноблари Шавкат Мирзиёевга, қардош Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига энг самимий табрикларимни билдириб, мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат тилаб қолишдан мамнунман. Ўзбекистон ҳукумати ва қардош Ўзбекистон халқига максимал тараққиёт ва фаровонлик тилайман”, деди элчи сўзи охирида.
Мавзуга оид
07:09 / 02.06.2026
1,7 миллион зиёратчи ва ақлли бошқарув. Ҳаж-2026 якунлари
08:37 / 29.05.2026
Жаҳон бойлик харитаси ўзгармоқда: янги лидерлар пайдо бўлмоқда
08:52 / 27.05.2026
Саудиядаги 1 километрлик осмонўпар бинода Хитой технологиялари қўлланади
08:43 / 23.05.2026