Қонунчилик палатаси ва МТРК нега президент фармонини писанд қилмаяпти?
Шундай таассурот борки, агар фармон бўлмаганида, депутатлар абадулабад халқдан беркиниб мажлис қилиб юришни истайдигандек гўё. Мажлисларга ҳалигача мустақил журналистлар қўйилмаётганини бошқача изоҳлаб бўлмайди.
Бугун, 10 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисидан жонли эфир бор-йўғи 48 дақиқа давом этди холос. Депутатлар муҳим қонун лойиҳалари муҳокамаси ва амалдорларнинг эшитувини доимгидек “пардалар ортида” ўтказишди.
Президент фармонига зид равишда уч сафардан буён мажлисларни жонли эфирга узатмаётган халқ вакилларидан изоҳ олиш учун парламент қуйи палатаси биносига бордик. Лекин депутат ва палата матбуот хизмати бошлиғи Наврўз Ризаев қўнғироқларимизга жавоб ҳам бермади. Матбуот хизматининг бошқа ходимлари эса Олий Мажлис қуйи палатаси нега президент фармонига беписандлик билан қараётганига изоҳ бермади.
Аввалроқ, Қонунчилик палатасидаги “Ҳукумат соати” ҳам президент фармонига зид равишда жонли эфирга узатилмаганди. Палата матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан Telegram'даги ёзма трансляция ҳам жараённи жонли ёритиш деб ҳисобланишини билдирганди.
Биз президент фармонида Олий Мажлис тадбирларини жонли эфирда ёритишга масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлигида ҳам бўлдик. Агентлик ходимлари масала юзасидан фақат матбуот котиблари жавоб беришини билдирди. Аксилкоррупция агентлиги матбуот котиблари бошқа тадбирда бўлгани учун бу ташкилотдан ҳам изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Шундан сўнг, фармон ижроси бевосита топширилган ва ушбу масалага асосий масъул ташкилот Миллий телерадиокомпанияга бордик. Буни қарангки, 2022 йил учун бюджетдан 500 миллиарддан кўпроқ пул оладиган бу ташкилот ходимларининг аксари биз келган вақтда мажлисда бўлиб чиқди.
Аслида, МТРК фармон талаблари кучга кирган – 1 декабрь санасидан бери Қонунчилик палатасининг камида 3 та йирик мажлисини жонли ёритиши керак эди. Агар компания тизимидаги ўнлаб телеканалларда муҳим сиёсий жараёнларни жонли эфирга узатиш имкони бўлмаса, бизга бунақа МТРКнинг нима кераги бор?
Яна бир қизиқ ҳолат, мажлисларни жонли эфирга узатишга биз масъул эмасмиз дея, баъзида хусусий телеканалларни, баъзида МТРКни айбдор қилаётган депутатлар палата мажлисларини ёритиш учун бошқа ОАВларни панжаралар билан ўралган биноларига киритишмайди.
Президент фармонида топшириқ аниқ кўрсатилган, яъни кўрсатма бор. Уни бажарувчилар ҳам аниқ. Миллий телерадиокомпания ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги. Лекин негадир бу ташкилотлар президент фармонини писанд қилмаяпти.
Депутатлар эса худди яширадиган бирор нарсаси бордай, мажлисларни ёпиқ эшиклар ортида ўтказишда давом этмоқда. Ўзлари жонли эфирга узата олишмагани етмагандек, мустақил журналистларни ҳам мажлисларга қўйишмаяпти.
Фаррух Абсаттаров
Мавзуга оид
19:08 / 25.10.2024
Сайловда 1 миллиондан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
15:14 / 25.07.2024
Тошкент, Бухоро ва Наманганда заргарлик марказлари ташкил этилади
20:25 / 23.07.2024