Ўзбекистон | 14:38 / 10.12.2021
2823
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда 2 мингдан зиёд корхона атроф-муҳитни ифлослантиргани маълум бўлди

Вилоят ҳудудида 2170 та ташкилот атроф-муҳитни ифлослантирган, уларнинг 1278 тасидан 3 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилган.

Фото: KUN.UZ

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳолати юзасидан Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Отабек Қличев ҳисобот берди.

Унда қайд қилинишича, бошқарма томонидан 2021 йилнинг 11 ойи давомида 3477 та текшириш ва тезкор назорат тадбирлари, рейдлар ўтказилган. Экологик қонунчилик талабларини бузганлиги учун 2514 нафар шахсларга нисбатан жами 1,2 млрд сўмлик маъмурий жарималар қўлланилиб, 677 млн сўм ундириб олинган. Шунингдек, 294 та ҳолатда табиатга етказилган зарарлар бўйича 613,9 млн сўмлик даъво қўлланилиб, 170,2 млн сўм ундириб олинган.

Атроф-муҳит ифлосланишининг мониторинги бўйича 139 та корхонада инструментал ўлчовлар ўтказилиб, 431 та манбадан 1448 та намуна олиниб, 6507 та кимёвий таҳлил ўтказилган.

Ҳисобот даврида 2170 та ташкилот атроф-муҳитни ифлослантиргани ва чиқинди ташлагани бўйича компенсация тўловига жалб қилиниб, 3,3 млрд сўмлик тўлов ҳисоботи қабул қилиниб, 1278 та ташкилотдан 3 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилган.

2655 та транспорт воситаси газ ёқилғисида ишлашга мослаштирилиши натижасида атмосфера ҳавосига чиқадиган 1130,8 тонна углерод ва азот оксидлар, углеводородлар ва бошқа чиқинди газлар камайишига эришилган.

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши томонидан ушбу ҳисобот маълумот учун қабул қилинган. Шу билан бирга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига қуйидаги вазифалар юклатилган:

- атмосфера ҳавосининг сифатини кузатиб ва улар таркибини таҳлил этиб бориш мақсадида, барча шаҳар ва туманларда «Ўзгидромет» хизмати ва бошқа халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобига турғун кузатув шохобчаларини ташкил этиш;

- кўчиришга рухсат этилган дарахтларни кўчиришда ободонлаштириш ташкилотларини дарахтларни кўчириб ўтказишга мўлжалланган махсус техника билан таъминлаш;

- ер эгалари, хусусан, фермер хўжаликлари ва кластерлари томонидан ҳар бир гектар экин майдони ҳисобига дала четларига 50 тупдан шу ҳудуд иқлимига мослашган дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш кадастр маълумотларини юритиб бориш;

- янгидан қурилаётган кўп қаватли турар-жойларни қурилиш смета ҳужжатларига кичик оқова суви тозалаш иншоотларини қуришни киритиш;

- қаттиқ маиший чиқиндилар кўмиш полигонларига саралаш линияларини ўрнатиб, ҳозирда ҳосил бўлаётган қаттиқ маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи маҳсулотларни ажратиб олиш ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар таркибидаги органик ва суюқ чиқиндиларни бир жойга тўплаб суюқ маиший чиқиндилар билан бирга вермикультивация усулида қайта ишлаб, органик ўғит ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.

Мавзуга оид