Ўзбекистон | 20:36 / 11.12.2021
4278
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади

Ўзбекистон президенти соҳада кенг кўламли ислоҳотларни жорий этиш режалаштирилаётганини билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига табрик йўллади.

«Саховатли заминимизда гўзал ҳосил байрами нишонланаётган шу файзли дамларда янги Ўзбекистон равнақи ва аҳоли фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, қадоқ қўли ва фидойи қалби билан элимизнинг ризқ-насибасини яратаётган, ўз ишининг устаси бўлган моҳир деҳқон ва фермерлар, боғбонлар, чорвадор ва пиллакорлар, сувчилар ва ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, агрокластерларнинг раҳбарлари ва ишчи-ходимлари, деҳқон хўжалиги раҳбарлари, соҳанинг жонкуяр олимлари ҳамда мутахассисларига самимий миннатдорчилик билдираман», — дейилади табрикда.

Президент ўз табригида бу йил республика бўйича 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон, 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хомашёси, 23 минг тонна пилла, 2,6 миллион тонна гўшт, 11 миллион тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 8,3 миллиард дона тухум, 400 минг тонна балиқ етиштирилгани йил бўйи тун-у кун қилинган машаққатли меҳнатнинг муносиб самараси эканини қайд этган.

«Кейинги пайтда бутун дунёда бўлгани каби минтақамизда ҳам юз бераётган иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани, экологик муаммолар соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш нақадар долзарб эканини кўрсатмоқда.

Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси соҳада ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва инновацион технологияларни қўллаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли маҳсулотлар етказиб бериш, экспорт географиясини кенгайтиришдек устувор масалаларда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларига асосланган, бошқарувнинг мутлақо замонавий шакли бўлган кластер тизими жорий этилаётгани амалда ўзини тўла оқламоқда. Ушбу инновацион тизим аграр соҳани ривожлантиришнинг муҳим воситасига, қишлоқ аҳолисининг кафолатли даромад манбаига айланиб бормоқда.

Ҳозирги вақтда юртимизда барча йўналишларда 651та агрокластер фаолият юритиб, пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавотнинг 40 фоизидан ортиғи айнан ана шундай корхоналар улушига тўғри келмоқда», — дейилади президент табригида.

Қайд этилишича, пахтачиликда толани қайта ишлаш кўрсаткичи 2,5 бараварга ошди. Ҳосилнинг 100 фоизи республиканинг ўзида қайта ишланиши туфайли ип-калава ишлаб чиқариш 2 бараварга, тайёр маҳсулот ҳажми 3 бараварга ортди. Бу борадаги йиллик экспорт миқдори қарийб 3 миллиард долларни ташкил қилди.

2021 йилнинг ўзида 797 гектар майдонда қиймати 2,3 триллион сўмлик 398та замонавий иссиқхона ишга туширилиб, 11 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.

Хорижий мамлакатлар бозорларига янги истиқболли йўналишлар очилиб, қарийб 1,5 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари 65та давлатга экспорт қилинди.

Экспорт кўрсаткичларида ўтган йилга нисбатан дуккакли маҳсулотлар 122 фоизга, узум маҳсулотлари 142 фоизга, сабзавотлар 103 фоизга ҳамда ёнғоқ маҳсулотлари 1,8 баробарга ўсган. 

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, соҳада кенг кўламли ислоҳотларни жорий этиш режалаштирилмоқда.

«Жумладан, маҳсулот етиштириш таннархини 30–35 фоизга қисқартириш, ер унумдорлигини ошириш, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга кўпайтириш, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, агросаноат корхоналарини хомашё билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ўстириш, чорвачилик тармоқлари фаолиятини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш тизимига ўтиш келгусида ўзининг ижобий самарасини кўрсатади, албатта.

Олдимизда турган бундай масъулиятли вазифаларни бажаришда барчангиз елкама-елка туриб, бир тан-у бир жон бўлиб, бор малака ва тажрибангизни, куч-ғайрат ва салоҳиятингизни сафарбар этишингизга ишонаман.

Сизларни ушбу файзли ва шукуҳли айём билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Кириб келаётган янги – 2022 йилда ҳосилимиз янада мўл бўлсин!

Халқимиз, элимиз дастурхонидан тўкин-сочинлик ҳеч қачон аримасин!

Умрингиздан, меҳнатингиздан барака топинг, танти ва бағрикенг, яратувчан ва она заминни севиб ардоқлайдиган азизларим!» — дея тилак билдирган Ўзбекистон президенти.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид