Ўзбекистон | 20:51 / 13.12.2021
19273
4 дақиқада ўқилади

Нурафшонда Зулфия Зокирова ҳайкали ва кутубхона қуриш лойиҳаси бекор қилинмаган — ҳокимлик

Тошкент вилоят ҳокимлиги Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси қуриш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биноси қурилиши бекор қилинмагани, фақат кечиктирилганини маълум қилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилояти ҳокимлиги Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биноси қурилиши назарда тутилган фармойиши бекор қилиниши тўғрисидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

«Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан жорий молия йилини самарали якунлаш мақсадида ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши зарур бўлган муҳим тадбирлар кўламини инобатга олиб, 2021 йил давомида Тошкент вилояти маҳаллий бюджети даромадларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар учун ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши таҳлил қилинди.

Унга кўра, жорий йил якунига қадар Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил 23 апрелдаги 144-ф-сон фармойишига асосан камералар учун, 2021 йил 30 апрелдаги 157-ф-сон фармойишига асосан кичик саноат зонасида ичимлик ва оқова сув тармоқларини улаш учун ҳамда Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил 3 ноябрдаги «Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш тўғрисида»ги фармойишига асосан ажратилган маблағларни белгиланган тадбирлар бўйича ҳисоб-китоблар ва лойиҳалаштириш ишлари якунига етмаганлиги сабабли ўзлаштириш имкони мавжуд эмаслиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига асосан молиявий мажбуриятларни рўйхатдан ўтказиш жорий молия йили доирасида амалга оширилиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши билан келишилган ҳолда юқоридаги тадбирларга ажратилган маблағлар қисман чегирилди.

Шунингдек, вилоятда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар ҳажмига нисбатан қарздорликлар шаклланган бўлиб, чегирилган маблағлар вилоятда олиб борилаётган ва молиялаштирилиши зарур бўлган бошқа мақсадлар ҳамда кредитор қарздорликларни бартараф қилишга йўналтирилиши белгилаб олинди.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш бўйича фармойиш бекор қилинмаган, аксинча, жорий йил молия йили давомида ажратилган маблағларнинг ишлатилмаган қисмидан самарали фойдаланиш ва бошқа қарздорликларни бартараф этиш учун чегириб олинган.

Ушбу объектга келгусида аниқ ҳисоб-китобларга асосан маблағ ажратилиши кўзда тутилади», дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов 3 ноябрь куни вилоят маркази Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси қуриш ва атрофини ободонлаштириш учун 28,4 миллиард сўм ажратиш, шунингдек, Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биносини қуриш учун 6 миллиард сўм ажратиш ҳақидаги фармойиш имзолаганди.

Вилоят ҳокимлиги маълумотида бўлажак мемориал мажмуа 2,97 гектар ҳудудда парк, ўйин ва пикник майдонлари, амфитеатр, террасали ва ёпиқ турдаги кафелар, фавворалар, ташриф буюрувчилар учун қулай ўриндиқлар ва яшил ҳудудлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун қулай йўлаклар, болалар майдончаларини ўз ичига олиши айтилган.

Замонавий 3 қаватли кутубхона 1,1 гектар ер майдонда қурилиши, у функционал зоналар ва компьютер ускуналари билан жиҳозланиши, интернет, ахборот ресурслари ва миллий электрон кутубхонадан фойдаланиш имконияти яратилиши режалаштирилган.

Қайд этиш керакки, юқорида келтирилган маблағ лойиҳалаш ишлари якунланмай туриб ажратилганди.

Бундан олдинроқ Нурафшонда Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биносининг қурилишини бекор қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Тошкент вилоятининг янги ҳокими Зойир Мирзаев томонидан имзоланган фармойишда юқоридаги лойиҳалар учун ажратилган 34 миллиард 400 миллион сўм маблағ вилоят маҳаллий бюджетига тикланиши, ушбу маблағдан ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун вилоят «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказиб бериш мақсадида 1 миллиард 650 минг сўм ажратилиши белгиланганди.

Мавзуга оид