Жамият | 13:45 / 15.12.2021
6251
1 дақиқада ўқилади

2021 йилда 125 киши ис газидан заҳарланиб оламдан ўтган — ФВВ

Ис газидан заҳарланиш ҳолатлари газ ва бошқа ёқилғилардан фойдаланишда хавфсизликка риоя этмаслик сабаб юз берган.

Фото: Getty Images

2021 йил 15 декабрга қадар Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш ва ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли 125 киши вафот этган, 115 киши жабрланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик оқибатида юзага келмоқда.

Газ-ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш, портлаш ҳамда ёнғинларнинг содир бўлиши ҳам хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик сабаб юз берган.

Таҳлилларга қараганда, ёнғинларнинг 36,3 фоизи электр ускуналарини нотўғри ишлатиш, 27, 1 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 13, 6 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши оқибатида содир бўлган.

Қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та ёнғиндан бири иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан. 

Мавзуга оид