Ўзбекистон | 18:51 / 15.12.2021
4750
2 дақиқада ўқилади

2023 йилдан “яшил” бюджетлаштириш тамойилларини жорий қилишга ўтилади — Тимур Ишметов

Ўзбекистонда 2023 йилдан “яшил” бюджетлаштириш тамойилларини жорий қилишга ўтилади. Бу ҳақда молия вазири Тимур Ишметов 15 декабр куни Сенат ялпи мажлисида маълум қилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

“Охирги йилларда дунё бўйлаб “яшил” бюджетлаштириш тамойилининг муҳимлиги ортиб бормоқда. Бу бўйича ҳам режаларимиз бор. Лекин кейинги йил буни қила олмаймиз. Насиб қилса, 2023 йил бюджетидан “яшил” бюджетлаштириш тамойилини ишлаб чиқиш режаларимиз бор.

Албатта, бу ишни бижариш учун билим ва кўникмаларимизни оширишимиз керак. Ҳозирда БМТ ва Франция тараққиёт агентлиги билан келишувимиз бор. Кейинги йилдан бошлаб улар бизга “яшил” бюджетлаштириш нима, уни бюджетда қандай қилиб шакллантириш кераклиги бўйича техник кўмак беришади.

Аввал “Очиқ бюджет” тамойилини қўшган бўлсак, 2023 йилда “яшил” бюджетлаштиришга ҳам ўтиш режаларимиз бор”, деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Париж битимини ратификация қилган. Шу асосда мамлакат 2030 йилга қадар иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган.

2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича 10 йиллик стратегиясида ҳам ушбу мақсад кўзда тутилган.

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид