12:17 / 15.12.2021
3594

Абдулазиз Комилов Россиянинг Марказий Осиё давлатларидаги элчилари билан учрашди

14 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко бошчилигидаги рус дипломатларини қабул қилди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда, шунингдек Россиянинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алексей Бородавкин, Қирғизистондаги Элчиси Николай Удовиченко, Тожикистондаги элчиси Игор Лякин-Фролов, Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгиновлар иштирок этган.

«Суҳбат чоғида томонлар минтақавий ҳамкорликнинг турли жиҳатлари бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашди, шунингдек, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари билан икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Хавфсизлик масалалари, жумладан, Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади расмий релизда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бундан ташқари Андрей Руденко Марказий Осиёдаги Россия элчилари билан алоҳида учрашув ҳам ўтказган. Унда Россия президенти Владимир Путин томонидан рус дипломатик хизматлари олдига қўйилган вазифалар муҳокама қилинган. Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида ҳозирги вазиятнинг қўшни бўлган ва минтақа ташқарисидаги йирик давлатларга таъсири таҳлил қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 13 декабр куни Тошкентда Ўзбекистон–АҚШ Стратегик шериклик мулоқотининг илк йиғилиши бўлиб ўтган эди. Ҳамкорликнинг кўплаб жиҳатлари кўриб чиқилган мулоқотда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу бошчилигидаги АҚШ делегацияси қатнашган.

Top