Ўзбекистон | 16:19 / 16.12.2021
5812
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтда бадбўй ҳид таратиб ишлайдиган корхоналар шаҳардан ташқарига кўчирилиши маълум қилинди

Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтдаги оқова сув иншоотлари самарадорлигини ошириш бўйича қилинадиган ишлар ҳамда бадбўй ҳид таратиб ишлайдиган корхоналарни шаҳар ташқарисига кўчириш масаласида гапирди. 

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Бугун Сенат мажлисида кўтарилган масалалардан бири Тошкент шаҳридаги сув оқова тизимидаги муаммолар тўғрисида бўлди.

Маълум қилинишича, пойтахтдаги Салар, Бўзсув ва Бектемир оқова сув иншоотлари техник лойиҳалар бўйича 75-80 фоиз тозалаш қувватига эга бўлиши керак. Аммо Салар 51 фоиз, Бўзсув 50 фоизга яқин ва Бектемир туманидаги сув оқова иншоооти 35 фоиз қувват билан ишламоқда. Бу тозаланмаган оқовалар очиқ сув ҳавзаларига тушиб бадбўй ҳидлар пайдо бўлишига олиб келяпти, дегани.

Қайд этилишича, мазкур уч объектга суткасига 1 млн 640 минг куб/метр сув келади. Аҳоли ва корхоналар ҳамда объектлардан тушаётган оқовалар ҳажми эса 1 млн 625 минг куб/метр.

Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан ушбу тозалаш иншоотлари самарадорлигини ошириш учун нималар қилинаётгани сўралди.

“Бу 3 та иншоот 95 фоиз қувват билан ишлаяпти. Президентимизга янги лойиҳа тақдим этганмиз. Унда 200 минг куб/метрли қўшимча тозалаш пунктини очиш келтирилган.

Бундан ташқари, шаҳар ташқарисида 1 млн кубометрли янги технологиялар асосида тозалаш иншоотлари қуришни мўлжаллаганмиз.

Шунингдек, оқова сувлар бўйича Франциянинг Суэса компанияси билан шартмнома имзоладик. Бу йил 200 минг кубометрликни қиламиз”, деди у.

Шунингдек, шаҳарга тараладиган бадбўй ҳидларни камайтириш борасида нималар қилиниши режалаштирилгани ҳақида ҳам сўз борди.

“Тошкент шаҳрида жойлашган тери тозалаш ва бошқа бадбўй ҳид чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатдик. Уларни Оҳангарондаги махсус ҳудудга олиб чиқиш таклифларини беряпмиз. Шаҳарда бадбўй ҳид чиқарадиган корхоналар камайгани ҳисобига ҳид ҳам камайиши кўзда тутиляпти. Махсус ишчи гуруҳ бадбўй ҳидларни тозалаш бўйича шу йил ёздан бери ишламоқда”, дея таъкидлади пойтахт ҳокими. 

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид