18:16 / 16.12.2021
55393

Қибрайда бир оиланинг 4 аъзосини ўлдирган қотил умрбод озодликдан маҳрум қилинди

Қибрайда бир оиланинг 4 аъзоси ва уйдаги ёлланма ишчини пичоқлаб ўлдирган йигитга суд ҳукми ўқилди.

Фото: Тошкент вилоят судлари матбуот хизмати

Қибрайда 29 июль куни бир оиланинг тўрт аъзоси ва уйдаги ёлланма ишчини пичоқлаб ўлдирган 24 ёшли йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент вилоят судлари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қотилликни содир этган 24 ёшли Шоядбек 26 июль куни Россиядан Тошкентга 29 июль куни қайтиш чиптаси билан учиб келган ва қотиллик содир бўлган маҳаллага йўл олган.

Қотил видеокузатув камералари бўлмаган жойда такси тўхтатиб, ўзи билан иккита қассоб пичоғини олиб уйга келган.

Биринчи зарбани эшик олдидаги уйда ухлаб ётган оиланинг кенжа қизи Мадина олган. Шоядбек уни Малика билан адаштирган. Мадинанинг овозидан отаси, акаси Қаюм ва ёлланган ишчи югуриб келади.

Қотил уларни ҳам пичоқлайди ва кўчага отланаётиб, онаси ва икки боласи билан турган Маликага тўрт марта пичоқ билан зарба беради.

Кейин таксига қайтиб, ҳайдовчига қизнинг отаси унга ҳужум қилганини айтади. Шоядбекни тушунмаган такси ҳайдовчиси қонни ювишга ёрдам беради ва унга қўшимча кийим беради. Шундан сўнг улар аэропортга йўл олади.

Аэропортда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг кўплигини пайқаган Шоядбек машинани Қўйлиқ томонга ҳайдашни сўрайди. Қотил у ердан таксида Андижонга йўл олади. Йўлда қотил ҳибсга олинади.

Маълум қилинишича, 14 декабрь куни Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ёпиқ суд мажлиси бўлиб ўтган. Айбланувчи Ш.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 25-,97-моддаси 2-қисми «л» банди, 97-моддаси 2-қисми «а»,«в»,«г»,«ж»,«л»,«р» бандлари, 25-,97-моддаси 2-қисми «а»,«г»,«р» бандлари, 119-моддаси 2-қисми «г» банди, 130-моддаси 2-қисми «а» банди, 140-моддаси 2-қисми ва 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Суд ҳайъати судланувчи, жабрланувчилар, уларнинг қонуний вакиллари ва гувоҳлар кўрсатмаларини эшитиб, ишга қўшилган ҳужжатларни текшириб, тарафлар музокараси ҳамда судланувчининг охирги сўзини тинглаб, ўз ҳукмини эълон қилди.

Унга кўра, Ш.И.га Жиноят кодексининг 25-,97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 119-моддаси 2-қисми «г» банди (жинсий эҳтиёжни ўлдириш билан қўрқитиб, ғайритабиий усулда қондириш), 130-моддаси 2-қисми «а» банди (порнографик маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, намойиш этиш), 219-моддаси 1-қисми (фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш), 140-моддаси 2-қисми (интернет тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш), 97-моддаси 2-қисми «а»,«в»,«г»,«ж»,«р» бандлари (икки ёки ундан ортиқ шахсни, айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни, ўз хизмат ёки бурчини бажариши муносабати билан шахсни, ўта шафқатсизлик билан, безорилик оқибатида, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан қасддан ўлдириш) билан Жиноят кодексининг 59-моддаси 4-қисми тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Top