Ўзбекистон | 19:24 / 18.12.2021
8796
3 дақиқада ўқилади

Исматулла Эргашев — Афғонистонда миллий иқтисодиётни тиклаш, «Толибон» расмийларининг Ўзбекистонга ва ўзбек журналистларининг Афғонистонга ташрифи ҳақида

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг Афғонистонда миллий иқтисодиётни тиклаш ва «Толибон» муваққат ҳукумати билан алоқаларга оид қатор саволларига жавоб берди.

— Афғонистоннинг ўз миллий иқтисодиётини мустақил тиклай олиши бўйича умидлар борми? Чунки у бир умр халқаро гуманитар ёрдамларнинг ўзи билангина яшолмайди.

— Саволингиз жуда ўринли. Биласизми, Афғонистонни бугунги жиддий аҳволидан гуманитар ёрдамларнинг ўзи билангина олиб чиқиб бўлмайди. Шунингдек, Афғонистоннинг валюта захираларини озод қилиш ҳам бугун яхши натижага кифоя қилмайди.

Бугун Афғонистоннинг миллий иқтисодиётини қайта тиклаш керак. Миллий иқтисодиётни қайта тиклаш учун эса Ўзбекистон, Туркманистон ёки Эрон илгари сураётган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш керак. Хусусан, Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темирйўли лойиҳасини. Бу – оламшумул лойиҳа. Бунинг ортидан юз минглаб афғонистонликлар иш билан таъминланади.

Иккинчидан, транзит юклари орқали Афғонистоннинг давлат бюджетига ҳам жуда катта маблағ тушади.

Шунингдек, Сурхон-Пулиқумли темирйўл тармоғини қуриш лойиҳаси. Бу темирйўлни қуриш биринчидан, Афғонистон Марказий Осиё электр тизимига киришига ёрдам берса, иккинчидан, Афғонистонни электр қувватини экспорт қилувчи мамлакатга ҳам айлантиради.

Афғонистоннинг миллий иқтисодиётини мана шу каби лойиҳалар билан тиклаш мумкин.

Афғонистонда шунингдек, жуда катта миқдорда ерости табиий захиралари бор. Унинг иқтисодий салоҳияти ҳам жуда катта. Аммо минг афсуски, урушлар бу салоҳиятни амалга оширишга имконият бермаяпти.

Ишончим комил, агар тинчлик бўлса, Афғонистоннинг миллий иқтисодиёти ривожланишга юз тутади.

— «Толибон»нинг яқин орада Ўзбекистонга расмий ташрифи кутиляптими?

— Ҳозирча расмий ташриф ҳақида гапиришга эрта. Амалий ташрифлар? Ҳа, бўлиши мумкин. Лекин расмий ташриф бўлмайди, чунки Афғонистонда тузилган муваққат ҳукуматни жаҳондаги бирорта давлат ҳали тан олгани йўқ.

— Яқин орада Ўзбекистондаги таҳририятлар, масалан, Kun.uz’га Афғонистонга бориб, репортажлар тайёрлаш имконияти яратилиши мумкинми?

— Агар Kun.uz мухбирлари Афғонистонга сафар қилиш ва бу давлат билан танишиш истагида бўлса, мен Афғонистон муваққат ҳукумати билан гаплашиб беришим мумкин.

Бу борада Афғонистон янгиликларини дунёга етказувчи расмий вакил Забиҳулло Мужоҳид жаноблари билан гаплашиб, сафарингизга ёрдам беришим мумкин.

Мавзуга оид