Ўзбекистон | 18:28 / 18.12.2021
6453
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикасининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Мун Син Ук, Корея халқаро савдо уюшмаси раиси Кристофер Ку, Корея Эксимбанки, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), «SK Ecoplant», «Posco», «Samsung», «SK Nexilis», «Youngone», «KIA Motors», «K-water», «KT-Net» ва кўплаб бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон президентининг 2017 йилда Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида йирик бизнес-форум ўтказилган эди. 2019 йилда эса давлат раҳбарлари Тошкентдаги қўшма бизнес-форумда иштирок этдилар. Ушбу тадбирлар натижасида ишбилармонлар ўртасида ишонч кучайди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик фаоллашди.  

– Мамлакатимизда бошланган ўзгаришлар ортга қайтмайди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Янги Ўзбекистон стратегиясида мамлакатимизда тадбиркорлар учун энг қулай шароитлар яратиш, хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш ишларини давом эттириш кўзда тутилган. Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва алоҳида стратегик шериги – Корея Республикаси билан барқарор, ишончга асосланган ва жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни қадрлаймиз.

«Икки давлат ўртасида, шу жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида тизимли алоқалар йўлга қўйилган. Махсус ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида Корея Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун масъул алоҳида департамент тузилган.

Бундай эътибор ва тизимли ишлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш икки баробарга ортиб, 2,2 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистон иқтисодиётида Кореядан йўналтирилган тўғридан тўғри инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Кейинги беш йилда Ўзбекистонда Корея сармояси иштирокидаги корхоналар сони икки баробар кўпайди. Бугун улар мингтадан ортиқ. Корея компаниялари билан биргаликда Ўзбекистонда умумий қиймати 9 миллиард доллардан зиёд 52 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда», - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев Корея компанияларини биргаликда янги, кенг кўламли ташаббусларни ишлаб чиқишга чақирди.

Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда фаол тадбиркорлик учун яратилган шароитларни юксак баҳолади ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди.

Учрашувда Корея компаниялари билан ҳамкорликда рақамлаштириш, “яшил” энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, фармацевтика, геология соҳалари ва бошқа кўплаб йўналишларда умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ 40 та янги лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга аниқ муддатларини белгилаган ҳолда тегишли “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга топшириқ берди.

– Бош мақсадимиз – Корея бизнеси Ўзбекистонда қулай муҳитни ҳис этиб фаолият юритсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Корея компаниялари раҳбарларини Ўзбекистонга келиш ва у ерда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлардан фойдаланишга таклиф этди.

Шу билан Ўзбекистон президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи якунига етди, давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.

Мавзуга оид