Ўзбекистон | 22:06 / 20.12.2021
6538
2 дақиқада ўқилади

Навоийда Пўлат Бобожонов ўтказган йиғилишда 3 нафар ходим ИИБ сафидан бўшатилди

Навоий вилоятида Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида республика ишчи гуруҳи ўрганишлари якунига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда 3 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилди, 4 нафари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Вилотя ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, йиғилишда Хатирчи, Конимех, Навбаҳор, Кармана туманлари ҳамда Навоий шаҳрида жиноятчилик кўрсаткичлари ошганлиги қаттиқ танқид остига олинган. Шунингдек, фирибгарлик, ўғрилик ҳамда тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳолатлар ошган ҳудудларда аниқ мақсадларни ўз ичига олган йўл харитаси ва дастурлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар ҳамда олиб борилган кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлар давомида 301 нафар вояга етмаган ёш таълимга қайтарилган ҳамда 331 нафар аёлга ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, 338 та оила яраштирилган. Бундан ташқари, тадбирлар давомида жами 35 та жиноий ва 299 та маъмурий ҳолатлар аниқланиб, 18 нафар қидирувдаги шахс ушланган ва 3 та жиноят фош этилишига эришилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналиши бўйича 2009 та қоидабузарлик аниқланиб, 844 та автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Таъкидланишича, йиғилишда ўз хизмат фаолиятида қўпол камчиликларга йўл қўйган 3 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилган, 4 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ҳамда 7 нафарига нисбатан интизомий чоралар кўрилган. Фаолиятига масъулият билан ёндашган 29 нафар ходим эса рағбатлантирилган.  

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Мавзуга оид