Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оrginfo.uz билан боғлиқ иш судгача етиб бормасдан ҳал бўлади — Акмал Бурҳонов
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги orginfo.uz сайтини 100 фоиз қўллаб-қувватлайди, деб баёнот берди агентлик директори Акмал Бурҳонов. Аксилкоррупцион орган раҳбарига кўра, “Ўзбекистонда бунақа дастурий маҳсулотлар кўп бўлиши керак”.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 21 декабр куни Сенатнинг очиқлик қўмитасида ҳисобот берди. Тадбир давомида Kun.uz мухбири orginfo.uz сайти ва Давлат статистика қўмитаси ўртасидаги низо бўйича агентликнинг позицияси билан қизиқди.
“Агентлик orginfo.uz дастурий маҳсулотини 100 фоиз қўллаб-қувватлайди. Бунақа дастурий маҳсулотлар кўп бўлиши керак. Биз керак бўлса шу дастурчи билан ҳамкорлик қилмоқчимиз. Чунки [бу дастур] айрим давлат идораларининг очиқ маълумотлар порталидан ҳам айрим қисмларига кўра мукаммал ҳолатлари бор. Бу бўйича биз ўргандик, нима учун бунақа бўлаётгани бўйича Статистика қўмитаси билан ҳам боғландик.
Аниқладикки, ҳолат ижтимоий тармоқларда бошқача талқин қилинган, бу – қўмитани ҳимоя қилиш эмас. Биз ўрганганимизда, orginfo.uz сайти маълумотларни олганда пастки қисмига қўмитанинг логотипини қўйган, ўша ердан олинган деб. Лекин ўша сайтда турган маълумот [қўмита сайтида] янгиланган бўлган. Улар ўша сайтни ёпиш бўйича судга бермаган. Уларнинг мақсади – муаллифлик ҳуқуқи, яъни пастки қисмда берилган ёзувни олиб ташлаш бўлган. Чунки orginfo.uz сайтида Статистика қўмитаси номидан эски маълумот тургани учун эътироз билдирилган.
Биз ҳам нега бу сайтнинг ёпилиши, соҳанинг монополия қилиниши борасида мурожаат қилгандик. Лекин улар сайтда нотўғри маълумот кетиб қолмаслиги учун ҳаракат қилишганини аниқладик.
Шунинг учун агентлик сифатида бу сайтни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Биз Статистика қўмитасининг маълумотлар базасини мукаммал дея олмаймиз», – деди Акмал Бурҳонов.
Агентлик директори Словенияда давлат ташкилотлари харидлари ва коррупцияга қарши кураш бўйича йўлга қўйилган тизим ҳақида гапириб, бу нарса Ўзбекистонда ҳам жорий қилиниши юзасидан келишувлар бўлаётганини билдирди.
“[Словениядаги] бу тизим БМТнинг ҳам эътирофига сазовор бўлган экан. Тизимда қидирув берганингизда, масалан, қайсидир компютер маркасини ёзиб изласангиз, ўша маркадаги компютерни қайси давлат идораси қачон сотиб олгани, неча пулга сотиб олгани битта инфографикада чиқади. Шунда билиб оласиз, қайси вазирлик 1 миллионга, қайси вазирлик 5 миллионга, яъни “бўрттириб” сотиб олганини.
Шунақа базани биз ҳам ишга туширишни режалаштирганмиз. Ҳозир музокаралар олиб боряпмиз. Словениялик экспертлар декабр ойи охирида келиб бизга ёрдам берадиган бўлди. Мана шу orginfo.uz сайтининг эгаси билан боғланмоқчимиз, балки тайёр бўлса, шунақа лойиҳани у дастурнинг базасида қилармиз.
Яъни бу ерда [очиқ реестр] фақат битта давлатники бўлиши керак деган фикрдан йироқмиз. Қўмита билан ҳам боғланганимизда, қўмитанинг ҳам позицияси шунақа эканини билдик”, – деди у.
Kun.uz мухбири Акмал Бурҳоновдан Статистика қўмитаси ИИВга киритган даъвосини қайтариб олмагани ҳақида сўради.
“Бугунги маълумот, мен эрталаб гаплашдим. Ёз ойида қўмита вакиллари дастурчига мурожаат қилган, лекин у жавоб бермаган, кейин судга берган. Судга бергач олиб ташлабди, кейин масала ёпилди, деди. Статистика қўмитасига доир ҳамма маълумотлар олиб ташланди, биздан масала ечилди, деб айтишди. Бу – эрталабки маълумот. Менимча, иш судгача етиб бормасдан ҳал бўлади”, – деди аксилкоррупцион орган раҳбари.
Акмал Бурҳонов дастурчига нисбатан ИИВ томонидан расмийлаштирилган маъмурий иш тақдирига яна бир бор аниқлик киритишини билдирди.
“Қўмита билан гаплашганимизда ҳеч қандай даъвомиз йўқ дейишди”, – дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада юридик шахсларнинг электрон реестрини юритувчи orginfo.uz сайти асосчиси Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан Давлат статистика қўмитаси киритган аризага асосан ички ишлар органи томонидан маъмурий иш очилгани хабар берилган эди.
Статистика қўмитаси вакили дастурчи ўзининг orginfo.uz веб-сайти ва қўмита ўртасида ҳеч қандай шартнома ёки келишув тузмаганини, бунинг натижасида жамиятда фуқаролар ҳамда хорижий инвесторлар томонидан расмий статистик маълумотларга нисбатан турли хил тушунмовчилик келиб чиқаётганини айтган.
Кейинроқ, ҳолатга изоҳ берган қўмита матбуот котиби Давлат статистика қўмитаси orginfo.uz веб-сайти ва шу каби бошқа электрон платформаларнинг ёпилиши тарафдори эмаслигини билдирди.
“Кечаги ҳолатдан кейин orginfo.uz веб-сайтида маълумотларнинг остида: “Сайтда берилган барча маълумотлар норасмий. Расмий маълумотларни тегишли давлат ташкилотлари сайтларидан олишингиз мумкин”, деб ёзиб қўйила бошлади. Давлат статистика қўмитаси номи orginfo.uz веб-сайти маълумотларидан манба сифатида олиб ташланди. Бу учун orginfo.uz веб-сайтига алоҳида миннатдорлик билдирамиз”, деди ва сайтнинг келгуси фаолиятига омад тилашини билдирди.
Ушбу баёнот остига ёзилган изоҳлардаги дастурчига нисбатан очилган иш бекор қилиниши борасидаги саволга қўмита матбуот котиби: «Дўстона келиб хатосини тан олса, кечирилиши тарафдоримиз», дея жавоб берди.
Ҳолат юзасидан дастурчига нисбатан Асака тумани ИИБ томонидан МЖтКнинг 202-2-моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда суд муҳокамаси бўлиши кутилмоқда.
Бироқ Олий суд матбуот котибининг Kun.uz'га маълум қилишича дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий иш Асака туман судига етиб келмаган.
Мавзуга оид
14:17 / 25.03.2026
Ҳокимларнинг бюджет очиқлиги бўйича мажбурияти кучайтирилди
18:45 / 15.01.2026
Ўзбекистон коррупцияга қарши нима қилмоқчи? Янги чоралар тасдиқланди
17:48 / 27.12.2025
Шавкат Мирзиёев: “Очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз”
13:29 / 25.12.2025