Жаҳон | 11:54 / 21.12.2021
25718
8 дақиқада ўқилади

Туркча инфляция. Лиранинг қадрсизланиши Истанбулдаги ҳаётга қандай таъсир кўрсатди?

Турк лираси янги рекордлар ўрнатиб, долларга нисбатан қадрсизланишда давом этяпти. Бу оддий одамлар ҳаётида қандай акс этади?

Журналист ва публицист Иброҳим Набиўғли Истанбул аҳолиси – тадбиркор, мева дўкони сотувчиси ва шифокор билан шу мавзу ҳақида суҳбатлашди.

Коронавирус билан боғлиқ чекловлар туфайли турк ресторанлари эгалари ишчиларга иш ҳақи тўлашга қийналмоқда / Фото: Epa

Истанбулда жорий йилда қиш фасли жуда эрта келди.

Дўстим Меҳмет ўтган қиш фаслидан бери кийилмаган пальтосини омборхонадан олди. Унинг чўнтагидан ўтган йил супермаркетда берилган чекни топди. 20та тухум, битта буханка нони, 1 кг ёғ, ярим килограмм гўшт ва бошқа маҳсулотлар учун Меҳмет ўшанда 112 лира (7,45 доллар) тўлаган.

Куни кеча Меҳмет ана шу чек билан худди ўша супермаркетга келди ва саватни худди ўша маҳсулотлар билан ўшандагидек миқдорда тўлдирди. Бироқ бу сафар 229 лира тўлади.

«Бир йил ичида нархлар сезиларли даражада ошди. Икки баравардан кўпроқ ошган! Бу мамлакатда норозиликнинг катта тўлқинини келтириб чиқариши мумкин», дейди у.

Тадбиркор норозилик келгуси президентлик ва парламент сайловларида ҳам акс этиши мумкинлигига ишора қилди.

Официантга қандай қилиб ҳақ тўлаш мумкин?

Босфорнинг Европа қисмидаги соҳилида Меҳметнинг шинамгина балиқ ресторани бор. Декабрнинг совуқ оқшомида кечки овқат пайтида у билан суҳбатлашяпмиз. Ресторанда биздан ташқари яна икки нафар ташрифчи бор. Илгари бундай вақтда бу ерда стол топиш осон бўлмасди.

График: Туркияда ойлик иш ҳақи қандай ўзгарди?

Минимал иш ҳақи турк лирасида ва долларда

«Ўғилларим катта бўляпти, бу ерда – яна пандемия, етмаганига иқтисодий инқироз. Бундай шароитларда ресторан бизнеси фойда келтирмайди», дея нолийди Меҳмет.

Турк газеталарининг ёзишича, коронавирус билан боғлиқ чекловлар туфайли ресторан эгалари ишчиларга иш ҳақи беришга қийналмоқда. Ҳукуматнинг 2022 йилга келиб иш ҳақини тахминан 50 фоизга ошириши тўғрисидаги қарори Меҳметнинг муаммоларига яна муаммо қўшди.

Энди у официантлар сонини тўққиз нафардан беш нафарга қисқартиришга мажбур. «Бир вақтнинг ўзида тўрт кишини ишдан бўшатиш осон эмас. Бироқ бошқа иложим йўқ», дейди у ўйчан ҳолда.

График: Минимал иш ҳақига қанча нон сотиб олиш мумкин?

Сўнгги уч ойда турк лираси АҚШ долларига нисбатан ўз қийматининг 45 фоизини йўқотди. Олти ҳафта давомида турк лирасининг узлуксиз қадрсизланиши айрим таҳлилчиларни Туркия валюта инқирози остида қолди, дея талқин этишга мажбур қилди.

Бозор кутилмаларидан фарқли равишда Туркия Марказий банки сўнгги уч ойда базавий ставкани жами 400 базавий бандга пасайтирди, бу эса лира қадрсизланишини тезлаштирди.

Натижада турк лираси долларга нисбатан пасайиш бўйича тарихий рекордларни янгиламоқда. Турк ҳукумати нархлар ошиши олдини олишга қодир эмас. Миллий валютанинг харид қобилияти тез пасаймоқда, инфляция ўз ҳажми билан қўрқитяпти...

Сабзини ким олади?

Билол – Истанбулнинг замонавий туманларидан бирида мева сотувчиси. Турк лираси курси уни умуман қизиқтирмайди, бироқ у нархлар кўтарилаётганидан нолийди.

Унинг қизи жорий йилда лицейни тамомлаяпти ва университетга кирмоқчи. Таълим олиш нархлари отани ҳозирданоқ хавотирга соляпти.

Турк лираси курсининг кескин пасайиши турк жамиятидаги кўплаб одамлар ҳаёти сифатига таъсир қилди / Фото: AFP

 Билол хижолат билан гапиришда давом этади: «Қўшним беш ой олдин 90 минг лирага сотиб олган пикапим учун менга 280 минг лира таклиф қилди».

«Сотиб юбор, яхши нарх экан», дея маслаҳат бераман мен Билолга.

«Сотиб юборсам, бошқа машина ололмайман. Машиналар нархи ҳайратланарли даражада ошмоқда», дея хўрсинади у.

Билол каби даромадлари кам одамлар инфляциядан энг кўп зарар кўради. Иқтисодий инқироз шароитида «бойлар янада бойийди, камбағаллар янада камбағаллашади» афоризми Туркияда ўз тасдиғини топяпти.

Таниқли олим, Истанбул техника университети профессори Жалол Шенгор юзага келган вазиятни қуйидагича изоҳлайди:

«Пойгада ғолиб чиққан от эгаси 3 миллион, чавандоз 250 минг лира олади. Отга эса фақат сабзи тегади. Ҳозирги ҳолатда от бу – аҳолининг кам таъминланган қатлами».

Ҳамширалар шифокорлардан қиммат?

Соғлиқни сақлаш тизимида трагикомик бўлиб кўринадиган мураккаб вазият юзага келди. Баъзи шифохоналарда ҳамширалар шифокорлар билан бир хил маош олмоқда.

Элиф – давлат касалхоналаридан бирида шифокор. Яқин кунларда унинг декрет таътили тугади. Тунги сменалар, навбатчиликлар, шошилинч чақирувлар, бир сўз билан айтганда, пандемия шароитига хос зўриқиш бошланди.

Шунга қарамай, маоши катта эмас. «Минимал иш ҳақининг янги ставкасида ҳамширалар шифокорларга қараганда кўпроқ ойлик олади. Қандай қилиб шунақа бўлиши мумкин», дея тушунмайди аёл.

Истанбулдаги кўплаб дўконларда қуйидагича ёзувларни учратиш мумкин: «Битта қўлда фақат 1 литр зайтун ёғи». / Фото: Getty Images

Элиф хорижий валютага сотиб олинадиган тиббиёт препаратлари ва асбоб-ускуналар нархи мисли кўрилмаган даражада ошишида ҳақиқий хавфни кўради.

«Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар Туркия тиббиёт секторини дунёда етакчи ўринлардан бирига олиб чиқди. Аммо ҳозирги ҳолатда кўплаб клиникалар ваҳима кўтаряпти. Дори-дармонлар кескин етишмай қолган вазиятда нима бўлиши ҳақида ўйлашни ҳам истамайман», дейди Элиф.

Ёш онани сут нархи ғазаблантирмоқда. «Бир литр сут бир ой олдин 6 лира эди, ҳозир 13,5 лира. Янги йилга бориб, эҳтимол, 20 лира бўлса керак», дея ҳайрон бўлади шифокор.

Инқироз «футболнинг белини синдирди»

Айрим дўконлар кўпроқ пул ишлашга интилиб, баландроқ нархда сотиш умидида товарларни омборхоналарда сақламоқда. Шу йўл билан маҳсулотлар етишмаслиги юзага келади. Кўплаб дўконларда қуйидагича ёзувларни учратиш мумкин: «Битта қўлда фақат 1 литр зайтун ёғи».

Давлат чоралар кўришни бошлади: Туркия парламенти саноат қўмитаси куни кеча дўконлар ва марказларда омборхоналарда озиқ-овқат захирасини ташкил этишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Иқтисодий инқироз спортга ҳам зарба берди. Футбол клуби президентлари хорижий валютада маош оладиган чет эллик футболчиларга қандай қилиб ҳақ тўлашга ҳайрон.

Шу билан бирга, клубларнинг даромадлари – чипта ва мерчендайзинг савдоси, телевизион трансляциялар учун йиғимлар, рекламадан тушадиган фойда ва ҳ.к – турк лирасида келади.

«Фенербаҳче» клуби президенти Али Коч яқинда берган интервьюларидан бирида инқироз «футболнинг белини синдиргани» ҳақида айтди.

Ечим қандай бўлади?

Кеча карьерани муҳокама қилаётган икки нафар ёш туркнинг суҳбатига гувоҳ бўлдим.

«Иш топсанг, қандай маошга рози бўлардинг?» - дея сўради улардан бири. «Исталган маошга, ҳатто энг камига ҳам», дея жавоб берди дўсти.

Туркияда қиш совуқ. Айрим тоғ чанғиси марказларида қор кўп. Диққатга сазовор жиҳати, дам олиш масканлари ташриф буюрувчиларининг асосий улушини эндиликда хорижликлар ташкил этмоқда. Маҳаллий аҳолининг бундай дам олишга қурби етмайди.

Умуман олганда, маҳаллий аҳоли ҳозир дам олиш ҳақида эмас, сиёсат ҳақида кўпроқ ўйлаяпти. Туркияда энг чуқур иқтисодий инқирозлардан сўнг ечим одатда сайлов участкаларида бўлади.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид