21:26 / 22.12.2021
6301

Шри-Ланка Эрондан нефть учун қарзини чой билан узишни таклиф қилди

Шри-Ланканинг қарзи 251 млн долларга яқин. Аммо Эронга нисбатан жорий этилган халқаро санкциялар бу мамлакат банкларига пул ўтказиш имконини бермайди.

Фото: Getty Images

Шри-Ланка ҳукумати Эрон етказиб берган нефть учун қарзини чой билан узишни таклиф қилди. Бу ҳақда республика плантациялар вазири Рамеш Патҳиранга таяниб BBC News хабар берди.

Шри-Ланка нефть учун Эрондан 251 млн долларга яқин қарз бўлган. Аммо иккита сабаб туфайли қарзни узиш масаласида муаммо мавжуд. Биринчидан,Эронга нисбатан халқаро санкциялар киритилгани сабабли бу мамлакат банкларига пул ўтказиш имкони йўқ. Чой эса БМТ томонидан биринчи эҳтиёж маҳсулотлари тоифасига киради ва уни Эронга экспорт қилиш халқаро қонунларга зид бўлмайди. 

Иккинчидан, Шри-Ланка туризм соҳасидаги инқироз боис жиддий валюта инқирозини бошидан кечирмоқда. Доллар эмас, чой билан ҳисоб-китоб қилиш мамлакатга хорижий валютани тежаш имконини беради.

Шри-Ланка Эронга ҳар ойда 5 млн долларлик чой етказиб беришни таклиф қилмоқда. 

Мамлакатда йилига 340 млн кгга яқин чой ишлаб чиқарилади.

Top