Ўзбекистон | 10:09 / 22.12.2021
3193
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда юк транспортига вазнига қараб шаҳар марказига кириш учун чекловлар жорий этилади

Тошкент шаҳрида юк транспорти тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Бу Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2022-2025 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Фото: Getty Images

Хусусан, Тошкент шаҳрига киришда юк автомобиллари вазни ва габаритини ўлчаш учун кўчма мобил вазн назорати мосламалари (тарозилар) ўрнатиш мўлжалланмоқда. Бунда, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ЙПХ масканларида (Қўнғирот, Бектемир, Шарқ, Уч Қаҳрамон, Келес ва Турбанов) 6 дона турғун тарозилар ўрнатилади.

Транспорт вазирлиги ва ЙҲХ бошқармаси инспекторларидан таркиб топган назорат гуруҳи ташкил этилади, назорат гуруҳи 2 дона мобил тарозилар билан таъминланади ва назорат тадбирлари ўтказилади.

Юк автомобиллари учун шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда замонавий автотураргоҳлар (Track Stop) ҳамда улар жойлашган ҳудудларда логистика хизматларини ташкил этиш кўзда тутилган. 

Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида ТҲАЙ бўйида автотураргоҳлар (Track Stop) барпо этиш учун давлат-хусусий шериклик асосида тендер натижаларига кўра ер майдони ажратилади. Юк автомобиллари учун замонавий автотураргоҳлар (Track Stop) қурилади.

Тошкент шаҳри йўлларида тирбандликнинг олдини олиш мақсадида юк автотранспорти вазнига қараб шаҳар марказига кириш учун чекловлар жорий этиш ҳам режалаштирилган.

Тошкент шаҳри ҳудудида юк транспорти ҳаракатига маълум вақт оралиғида чекловларни ўрнатиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ҳудудидаги автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Унга кўра, Тошкент шаҳри Нурафшон ҳалқа айланма йўли ичида N2 ва N3-тоифадаги юк транспорти ҳаракатланишини чеклаш, Тошкент шаҳри Кичик ҳалқа айланма йўли ичида N3-тоифадаги юк транспорти ҳаракатланишини чеклаш, юк транспорти ҳаракатини тақиқловчи йўл белгиларини ўрнатиш мўлжалланган. 

Юк транспорт воситалари фаолиятини рақамлаштириш ишлари ҳам кутиляпти. Юк транспорти тизими учун юкни тақсимлаш, етказиб беришда буюртмаларни қабул қилиш ва юк кўтариш қобилиятидан келиб чиқиб, юкларни манзилларга етказишни назорат қилиш бўйича ягона электрон платформа жорий этилади. Юк транспорти тизимидаги ҳаракат таркиби ягона электрон платформа дастурига уланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид