Халқ таълими вазирлиги хорижий тил ўқитувчиларига ажратилаётган пул бўйича огоҳлантириш билан чиқди
Халқ таълими вазирлиги хорижий тил ўқитувчиларига замонавий адабиётларни харид қилиш учун 1 миллион сўмдан пул маблағи ажратмоқда.
Ижтимоий тармоқларда эса ушбу маблағларга ҳудудларнинг айрим мудир ва методистлари эга чиқишга уринаётгани юзасидан хабарлар тарқалди.
Халқ таълими вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди.
Унга кўра, хорижий тил ўқитувчилари замонавий адабиётларни харид қилиш учун ажратилаётган 1 миллион сўм маблағни ўзлари истаган адабиётга сарфлайди ва у ўқитувчининг шахсий мулки ҳисобланади.
«Ҳурматли чет тили ўқитувчилари.
Ўзбекистон президентининг қарори билан умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчиларига давлат бюджетидан замонавий адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиши учун 1 миллион сўмдан маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.
Бугунги кунда қарор ижросини таъминлаш мақсадида республика бўйлаб чет тили фани ўқитувчиларининг шахсий пластик карталарига ушбу маблағлар тушириб берилмоқда.
Лекин айрим ҳудудлардан ушбу маблағларни тасарруф қилишда ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари томонидан асоссиз талаблар қўйилаётганлиги тўғрисида шикоятлар келиб тушмоқда.
Шу муносабат билан, Халқ таълими вазирлиги қуйидагиларни билдиради:
Биринчидан, халқ таълими ҳудудий бўлимларига 2021 йилнинг якунига қадар ҳар бир чет тили ўқитувчисининг шахсий пластик картасига 1 миллион сўмдан маблағ тушириб берилиши ҳақида кўрсатма берилган. Шунингдек, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 16 ноябрдаги қўшма қарорига кўра, чет тиллари фани ўқитувчилари замонавий адабиётларни ҳар йилнинг 1 августига қадар харид қилиши белгиланган бўлиб, 2021 йилнинг якунига қадар ушбу адабиётларни харид қилиб, савдо чекини тақдим этиш талаби нотўғри эканлигини таъкидлаймиз;
Иккинчидан, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан чет тили фани ўқитувчилари томонидан харид қилинишга тавсия этилаётган замонавий адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмалари шакллантирилган бўлиб, бу рўйхатдан жой олган адабиётларни харид қилиш мажбурий эмас, балки тавсиявий характерга эга. Айрим ҳудудларда ушбу адабиётларни сотиб олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолатда бошқа чет тилини ўқитиш ва ўрганишга йўналтирилган адабиётларни харид қилиш имконияти мавжуд. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан фақатгина адабиётлар рўйхати тавсия қилинган бўлиб, у ёки бу ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи, китоб дўкони томонидан сотилаётган адабиётларни сотиб олиш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаган. Бундай талаб коррупциоген ҳисобланиб, ҳалол рақобатга тўсқинлик қилишини маълум қиламиз.
Учинчидан, чет тили фани ўқитувчилари томонидан харид қилинаётган замонавий адабиётлар ўқитувчининг шахсий мулки ҳисобланиб, ушбу адабиётларни мактаб кутубхонасига топшириш талаби мутлақо ноқонуний ҳисобланади.
Ҳуқуқингиз поймол қилинишига йўл қўйманг», – дейилади вазирлик баёнотида.
Қўшимча қилинишича, хорижий тил ўқитувчилари юқоридаги каби ҳолатларга дуч келганда Халқ таълими вазирлигининг 71-202-09-09 Ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.
Мавзуга оид
13:49 / 25.12.2023
“Давлат сиёсати инглиз тилини оммалаштиришга қаратилиши керак” — Ботир Қобилов РФнинг мигрантлар орқали босим қилаётгани ҳақида
15:21 / 24.07.2023
Мактаб ўқитувчиларига 7,8 млрд сўмлик таътил пуллари ундириб берилди
07:31 / 14.07.2023
Янги ишга кираётган хорижий тил ўқитувчиларига B2 даражадаги сертификат мажбурий бўлади
16:17 / 12.07.2023