17:37 / 23.12.2021
5150

Истеъмолчига товар, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши белгиланмоқда

Товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, истеъмол хусусиятларини сақлаб қолган, қадоғи билан қайтарилган бўлса ва истеъмолчи товарни кимдан сотиб олганлигига оид асосга эга бўлса, товарни алмаштириб беришга ёки қайтариб олишга доир харидор талаби қаноатлантирилади.

Фото: Getty Images

Сенат томонидан маъқулланган, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • эндиликда истеъмолчига товар (иш, хизмат), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши белгиланмоқда;
  • сотувчига ҳақ тўлаш шаклига қараб (нақд ва нақд пулсиз) товарнинг айни бир маркаси, шунингдек, бир хил ҳажмдаги ва сифатдаги ишлар, хизматлар учун ҳар хил нарх белгилаш тақиқланмоқда;
  • истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини унга қайтаришда товар учун ҳақ тўлаш қандай шаклда амалга оширилган бўлса, пулни қайтариш ҳам худди шундай шаклда амалга оширилиши белгиланмоқда;
  • истеъмолчининг мақбул сифатли товарни алмаштириб беришга ёки қайтариб олишга доир талаби, агар товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, унинг истеъмол хусусиятлари сақланиб қолган, қадоғи билан қайтарилган бўлса ва истеъмолчи товарни ушбу сотувчидан сотиб олганлигига оид асосга эга бўлса, қаноатлантирилади;
  • истеъмолчига нуқсонли ва талабга жавоб бермайдиган товар сотилганлигини аниқлаш (экспертиза қилиш) билан боғлиқ харажатлар сотувчи томонидан қоплаб берилади;
  • сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда истеъмолчига ўзининг қонунчиликда белгиланган талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилади.

Шунингдек, товарларни масофадан туриб ва ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари жорий этилмоқда.

Бунда сотувчи истеъмолчига:

  • шартнома тузилгунга қадар сотувчи, товар ёки уни етказиб бериш тартиби ва бошқа шартлар тўғрисида маълумотларни тақдим этади;
  • белгиланган муддатларда тўланган сумма қайтарилмаган тақдирда, ҳар бир кун учун товар нархининг 1 фоизи миқдорида пеня тўлайди, товарни қайтариш билан боғлиқ барча харажатларни эса ўз зиммасига олади.
Top