Ўзбекистон | 14:00
588
2 дақиқада ўқилади

Шахснинг рухсатисиз унга SMS-рекламалар юбориш тақиқланади

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб шахснинг ёзма ёки электрон рухсатини олмай туриб унинг телефон рақамига SMS шаклида товар ва хизматлар таклифини (рекламасини) юбориш тақиқланади. Реклама қўнғироқлари ва SMSларини соат 18:00 дан 9:00 гача тарқатиш ҳам ман этилади. Мобил алоқа операторларига ўзлари тарқатадиган реклама SMSларини абонентнинг сўровига кўра блоклаш мажбурияти юклатилади.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда реклама соҳасидаги айрим муносабатлар истеъмолчилар манфаатида тартибга солинмоқда.

15 июл куни имзоланган президент қарорига асосан, фуқароларнинг реклама қўнғироқлари ва хабарномаларига оид ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • мобил алоқа воситалари орқали SMS-хабарномалар йўли билан товар (иш, хизмат)ларни таклиф (реклама) қилувчи ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар фақат шахснинг ёзма ёки электрон розилигини олгандан сўнг ушбу ҳаракатларни (рекламани) амалга оширади;

  • мобил алоқа воситаларига реклама қўнғироқлари ва SMS-хабарномаларни жўнатиш хизматини кўрсатувчи юридик шахслар ўзларининг ахборот тизимларини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказгандан кейин тегишли хизматларни кўрсатишига йўл қўйилади;

  • реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини телекоммуникация тармоқлари (мобил алоқа) орқали соат 18:00 дан 09:00 гача тарқатиш тақиқланади;

  • мобил алоқа операторларига ўзлари томонидан тарқатиладиган реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини абонент сўровига кўра тўлиқ ёки қисман блоклаш мажбурияти юклатилади.

Юқорида санаб ўтилган талабларга риоя этмаслик реклама ҳамда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва тегишли чоралар кўриш учун асос бўлади.

Насия савдо рекламасига талаб

Қарор билан, жисмоний шахсларга мўлжалланган кредит, муддатли тўлов, насия савдога оид ҳар қандай рекламада товарнинг (ишнинг, хизматнинг) жорий қийматига нисбатан қанча сумма қўшиб тўланиши кераклиги, якуний қиймати қанча бўлиши хусусидаги маълумотлар бўлиши шартлиги белгиланмоқда.

Молиявий хизматлар рекламаси ёки улар ҳақидаги реклама тарзидаги ахборот, агар тегишли шартнома тузилаётган пайтда аниқлаш мумкин бўлмаса, реклама қилинаётган хизматларнинг келгусидаги самарадорлиги кафолатлари ёки ваъдаларига эга бўлмаслиги керак.

Насия савдога оид бу талабларнинг кучга кириш муддати белгиланмаган, бунинг учун бошқа алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши керак. Бу ҳужжатни ишлаб чиқиш ва 1 сентябргача Вазирлар Маҳкамасига киритиш Рақобат қўмитасига юклатилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид