Жамият | 20:33 / 23.12.2021
55901
7 дақиқада ўқилади

ЎзМУда баҳоси «миллион доллар» туриши айтилаётган китоблар йўқолган. Ректорат изоҳ беришдан қочяпти

XIII асрга оид Абу Бакр Собунийнинг қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган «Хамса» достони ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалари ЎзМУ кутубхонасидан «сирли» тарзда ғойиб бўлган.

Ўзбекистон Миллий университети / Фото: Kun.uz

2018 йилда Ўзбекистон Миллий университетида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бир йил давом этган таъмирлаш ишлари давомида нодир қўлёзмалар сақланувчи университетнинг тарих музейидаги ашёлар типография хонасига кўчириб турилган.

Лекин университетнинг асосий биноси ва музей хоналари таъмирлаб бўлинганидан кейин ҳам музейдаги ашёлар, хусусан, нодир китоблар ва қўлёзмалар ўз жойига қайтариб қўйилмаган.

Kun.uz'га мурожаат қилган вазиятдан хабардор шахсларнинг айтишича, нодир китоблар ва қўлёзмалар сақланаётган музей 3 йилдан буён қайта очилмаётганига сабаб у ердаги қимматбаҳо ва ўта нодир ҳисобланган 100дан ортиқ китоблар сотиб юборилган бўлиши мумкин.

Нодир қўлёзмалар музейи ҳақида

Ушбу музей 2006 йил 31 мартда ташкил қилинган. 2018 йил Миллий университет 100 йиллигига бағишлаб чоп қилинган китобда Нодир қўлёзмалар музейида 1465 номдаги араб ёзуви ўзбек, форс, туркий, араб ва тожик тилларидаги қўлёзма китоблар, хат ва ҳужжатлар сақланиши айтилган. Шунингдек, музейда мавжуд бўлган кўплаб қўлёзма китоблар ҳақида маълумот берилган.

ЎзМУ Нодир қўлёзмалар музейи, 2018 йилга қадар бўлган ҳолати
Фото: ЎзМУ кутубхонаси
ЎзМУ Нодир қўлёзмалар музейи, 2018 йилга қадар бўлган ҳолати
Фото: ЎзМУ кутубхонаси

Таъмирдан кейин ҳам тикланмаган ушбу музей фаолияти юзасидан президент порталига ва Олий таълим вазирлигига мурожаатлар йўлланган. Ушбу мурожаатдан кейин Миллий университет ректори Иномжон Мажидовнинг буйруғи билан жорий йил 15 ноябрь куни ишчи гуруҳ тузилиб, нодир қўлёзмалар музейидаги ашёлар бир ҳафта ичида хатловдан ўтказилиши белгиланади. 

Буйруқ ва ишчи гуруҳ рўйхати
Фото: Kun.uz

Ишчи гуруҳ аъзоларидан бирининг айтишича, музейга тегишли бўлган нодир қўлёзмалар хатловдан ўтказаётган ишчи гуруҳга ЎзМУ Ахборот-ресурс маркази директори Ирина Кислисина музейда таъмирлашгача бўлган инвентар – ашёлар рўйхатини бермаган.

«Ишчи гуруҳ қайта хатловдан ўтказганда аввалги қўлёзмалар сони билан фарқ сезилмай қолиши учун музейдаги инвентарлар эски рўйхати берилмаган. Лекин 2018 йилда чоп қилинган китобда Нодир қўлёзмалар музейида 1465 та китоб ва бошқа қўлёзмалар рўйхати борлиги айтилган. Шу асосда ишчи гуруҳ ўрганганда 100дан ортиқ ўта нодир ва қимматбаҳо қадимий китоблар чиқмаган. Мен ишчи гуруҳ раҳбари бўлмаганим учун аниқ фарқ ёзилган ҳисоботни билмайман.

2018 йил Миллий университет 100 йиллигига бағишлаб чоп қилинган китоб
Фото: Kun.uz

Лекин буларнинг ичида энг қадимий ва қимматбаҳо ҳисобланган қуйидаги 3 та асар тақдири мени қаттиқ хавотирга соляпти.

- Абу Муҳаммад ибн Абу Бакр Собунийнинг 659/1261 йилда форс тилида яратилган «Китобу-л-кифоя фил-ҳидоя» номли қўлёзма асари;

- Шарафиддин Али Яздий томонидан битилган «Муқаддимаи Зафарнома» китобининг ХV асрга оид дунёдаги иккинчи нусхаси, қўлёзма;

- Алишер Навоийнинг тўлиқ «Хамса» достони ва «Лисон ут-тайр» асарлари кўчирилган ва тилла суви юритилган ХIХ асрнинг биринчи ярмига тегишли қўлёзма (муаллифи номаълум).

Улар қандайдир усул билан сотиб юборилган ёки йўқотилган бўлиши мумкин.

Фото: ЎзМУ кутубхонаси
Фото: ЎзМУ кутубхонаси
Фото: ЎзМУ кутубхонаси
2018 йилда чоп қилинган китобдаги қўлёзмалар ҳақида маълумот
Фото: Kun.uz

Ушбу қўлёзмалар 2018 йилга қадар музейда турган. Ишчи гуруҳ тополмаганидан кейин ушбу китоблар ҳақида ЎзМУ ректори ва проректорлари, университет Ахборот-ресурс маркази директори Ирина Кислисинадан ҳам сўрадик. Лекин ҳеч ким бу нодир қўлёзмаларни топиб беролмаяпти. Бу эса борган сари шубҳаларни оширмоқда.

Бундан ташқари, бу китоблар шу кунгача сақлаш шароитларисиз қаерда тургани ҳам номаълум», - дейди ишчи гуруҳ аъзоларидан бири.

Kun.uz билан мулоқот қилган, исми сир қолишини истаган университет яна бир ходимининг билдиришича, нодир қўлёзмалар йўқолишига доир ишлардан барча раҳбар ходимлар хабардор. Айни вақтда ЎзМУ ректори ҳисобланган собиқ Олий таълим вазири Иномжон Мажидов бу хабар кенг жамоатчиликка етиб бормаслигини хоҳламоқда.

«Ректор вазирликка қайтиши мумкин, у «мен кетгач, иш очиб охирига етказаверасизлар», - деган. Чунки, нодир қўлёзмаларнинг йўқолиши собиқ ректор Авазжон Мараҳимов даврига бориб тақалади. Шунинг учун жорий йил сентябрда нодир қўлёзмалар музейини тиклаш бўйича вазирликдан келган топшириқни бажариш ҳам пайсалга солинмоқда», дейди университет ходими.

Вазирлик топшириғи

Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида университетда бўлди. Университетнинг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, музейдаги қўлёзмаларни хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раиси ўринбосари Ботир Маллабоев университет раҳбариятига нодир қўлёзмаларга доир мурожаат келиб тушганини тасдиқлади. Лекин бу бўйича фақат қўлёзмаларни тушуна оладиган мутахассислар келиб изоҳ беришини айтди. У юқорида номлари санаб ўтилган 3 та қадимий ва ноёб қўлёзмалар топилмаётгани ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди.

Бу масалада Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги матбуот хизматидан ҳам изоҳ сўралди. Вазирлик масъуллар томонидан вазият ўрганилиб, тез орада тегишли жавоб берилишини билдирди.

Бундан ташқари, ушбу масалада ЎзМУ Нодир қўлёзмалар музейидаги ашёларни қайта хатловдан ўтказиш учун тузилган ишчи гуруҳ қандай хулосалар бергани, ўзи умуман нодир қўлёзмалар музейидаги ашёларнинг сақланиши учун ким жавобгарлиги ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда.

2019 йилда капитал таъмирдан сўнг нодир қўлёзмалар музейининг қайта очилмагани эса шубҳаларни каррасига оширмоқда.

Ҳолат юзасидан ОАВ ва кенг жамоатчиликка бирор тайинли изоҳ берадиган масъуллар топилмагани вазият жиддий ва хавотирли эканини кўрсатади.

Манбанинг айтишича, йўқолган китоблар яширин йўллар билан хорижга олиб чиқиб кетилган бўлиши мумкин. Боиси бундай китобларнинг дунё бозоридаги баҳоси бир неча миллион долларгача етади.

Бош прокуратура ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ушбу масалани жиддий ўрганишни сўраб қоламиз.

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид