Фан-техника | 20:22 / 25.12.2021
104217
5 дақиқада ўқилади

2021 йилнинг энг яхши смартфонлари, экрандаги таом таъмини узатувчи телевизор, янги iPhone SE — ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технохабарларни жамлади.

Фото: Android Authority

2021 йилнинг энг яхши смартфонлари

Android Authority портали таҳририяти 2021 йилнинг энг яхши смартфонлари рўйхатини тузди.

Портал талқинига кўра, Google Pixel 6 модели жорий йилдаги энг яхши смартфон деб топилган.

2-ўринни Samsung Galaxy S21 Ultra эгаллади. Рейтинг муаллифларининг фикрича, ушбу модел Samsung таклиф қилиши мумкин бўлган “энг яхши жиҳатлар билан таъминланган”.

3-ўринни Pixel 6 Pro ва Galaxy Z Fold3 смартфонлари эгаллаган. Иккала қурилма ҳам телеобъективлар билан жиҳозланган.

Кейинги ўринларни Apple’нинг иккита модели – iPhone 13 ва 13 Pro Max эгаллади. Рейтинг муаллифлари Apple смартфонлари бундай “паст” баҳоланганини улар ўтган йилги моделлардан унча фарқ қилмаслиги билан тушунтиришган. 

Экрандаги таом таъмини узатувчи телевизор

Фото: Kim Kyung-Hoon/Reuters

Япониянинг Мэйдзи университети профессори Гомей Миясита экранида намойиш қилинувчи таомнинг таъмини узата олувчи телевизор прототипини ишлаб чиқди

Миясита бунинг учун Taste the TV (Телевизорни татиб кўр) деб номланган қурилма яратган. У турли ароматизаторлардан иборат 10та тюбикни ўз ичига олган. Ушбу “таъмлар” аралаштирилиб, телевизорда кўрсатилувчи таом таъмини ҳосил қилади. Сўнгра олинган таъм суюқлик кўринишида телевизор экрани устидаги гигиеник плёнкага суртилади. Таом таъмини ҳис қилиш учун эса плёнкани ялаш керак бўлади.      

“Бундан мақсад одамларга уйда қолган ҳолда ўзларини гўёки дунёнинг нариги бурчагидаги ресторанга ташриф буюргандек ҳисни беришдан иборат”, деб айтган лойиҳа муаллифи. 

Apple’дан янги iPhone

Фото: Apple

Apple компанияси яқин вақт ичида учинчи авлод iPhone SE смартфонларини ишлаб чиқаришни бошлайди, деб хабар берди ITHome.

Нашр манбаларининг маълумот беришича, учинчи авлод iPhone SE 4,7 дюймли IPS-дисплей ва Touch ID тугмасига эга бўлади.

Қурилманинг тезкор хотираси 3 гигабайтни ташкил этади. Смартфон 12 мегапикселли камера билан жиҳозланади.

Қайд этилишича, янги iPhone SE смартфонининг асосий хусусияти – 5G тармоғини қўллаб-қувватлашида. Таҳлилчилар унинг нархи ўзгармаслигини айтишмоқда. Смартфоннинг аввалги версияси нархи 400 доллардан бошланади.

Ҳиндистондан “ер-ер” синфидаги ракета

Ҳиндистон бир сутка ичида икки бор “ер-ер” синфидаги Pralay ракетаси синовини ўтказди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб ANI агентлиги хабар бермоқда.

“Ҳиндистон 150-500 километр масофадаги нишонни йўқ қилувчи Pralay ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу сутка давомидаги иккинчи муваффақиятли синовдир”, — деган агентлик манбалари.

Қайд этилишича, ракета синов давомидаги барча вазифаларни бажарган.

Xiaomi’дан навбатдаги смартфон

Фото: OnLeaks x Zoutons

Xiaomi компанияси янги флагман смартфони Xiaomi 12’ни намойиш қилди. Маълумотларга кўра, янги смартфон Gorilla Glass Victus ойнаси билан ҳимояланган 6,28 дюймли юқори аниқликдаги дисплейга эга. Ундаги ранглар чуқурлиги 10 битни ташкил қилади.

Смартфон Snapdragon 8 Gen 1 процессори ва тезкор қувватланиш учун литий-кобалт оксидидан ишланган аккумулятор билан жиҳозланган. 

Гаджетнинг тақдимоти 28 декабрга белгиланган. У 2022 йилнинг 1-чорагида сотувга чиқарилади.

TikTok оммабоплик бўйича Google’ни ортда қолдирди

Фото: Jakub Porzycki/NurPhoto via Getty Images

TikTok қисқа видеороликлар платформаси энг оммабоп доменлар рейтингида етакчи бўлди, деб ёзади Cloudflare.

Мазкур платформа оммабоплик борасида Google’ни иккинчи ўринга тушириб юборди.

Оммабоп доменлар орасида учинчи ўрин Facebook’ка насиб этди. 

Қайд этилишича, ўтган йили TikTok оммабоплик бўйича 7-ўринни эгаллаганди.

Рейтингда топ-10талик қуйидагича жойлашган:

1. TikTok.com

2. Google.com

3. Facebook.com

4. Microsoft.com

5. Apple.com

6. Amazon.com

7. Netflix.com

8. YouTube.com

9. Twitter.com

10. WhatsApp.com

Мавзуга оид