20:44 / 25.12.2021
29704

Дунёда коронавирус етиб бормаган тўрт мамлакат номи маълум қилинди

Туркманистон, КХДР ва Океаниядаги икки давлат коронавирусдан холи мамлакат бўлиб турибди. 

Фото: Reuters

Расмий маълумотларга кўра, дунёда коронавирус етиб бормаган тўртта мамлакат қолди

Ҳукуматлари бирорта ҳам коронавирус юқтириш ҳолатини тасдиқламаган дастлабки икки мамлакат Туркманистон ва Шимолий Кореядир.

Туркманистонда пандемия бошланганидан буён мамлакатга киришга қатъий чекловлар ўрнатилган. Июлда 18 ёшдан катта барчани мажбуран эмлаш кампанияси бошланган. Ҳозирда республика аҳолисининг 80 фоизи эмлаб бўлинган.

КХДРда ҳам пандемияга қарши туриш учун қатъий карантин жорий этилган. Мамлакат биринчилардан бўлиб йўловчилар ташишни тақиқлаган, хориждан келтириладиган маҳсулотлар дезинфекция қилинади. Овқатланиш муассасаларида бешдан ортиқ киши гуруҳ бўлиб тўпланиши мумкин эмас, ниқоб тақиш, қўлларни дезинфекция қилиш мажбурий.

Океаниядаги яна икки давлат коронавирусдан холи мамлакат бўлиб турибди. ЖССТ маълумотига кўра, булар аҳолиси 10,9 минг кишини ташкил этувчи Науру ҳамда 11,7 минг киши яшовчи Тувалу давлатларидир. 

Науруда фавқулодда ҳолат жорий этилган – оролга келувчилар икки ҳафталик карантинда бўлиши мажбурий, бошқа давлатлар билан авиақатновлар тўхтатилган. Май ойида Науру ҳукумати 108 фоиз аҳолини эмлаб, рекорд ўрнатганини маълум қилди. Бу хато эмас, гап шундаки, аҳолидан ташқари, оролга келган туристлар ҳам эмланган.

Тувалуда ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинган: мамлакатга кириш чекланган, карантин жорий этилган. Чегара фақат зарур маҳсулотлар олиб келувчи кема ва самолётлар учунгина очиқ.

Top