Жамият | 19:00 / 26.12.2021
47042
6 дақиқада ўқилади

Китоблар қаерда? ЎзМУда йўқолгани айтилаётган қадимий қўлёзмалар билан боғлиқ вазият чигаллашмоқда

Миллий университет раҳбарияти китоблар йўқолмаганини айтаётган бўлса-да, бу ишонарсиз чиқмоқда. Ҳолатни ўрганишга сафарбар этилган Бош прокуратура эса маълумот беришга шошилмаяпти.

Ўзбекистон Миллий университетининг Нодир қўлёзмалар музейида сақланган ўнлаб нодир қўлёзмалар ва қадимий китоблар йўқолган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарга ҳамон ойдинлик киритиб бўлмаяпти.

Kun.uz'га етиб келган мурожаатда ЎзМУ ихтиёрида бўлган ХIII асрга оид Абу Бакр Собунийнинг қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган «Хамса» достони ва бошқа кўплаб нодир қўлёзмалар йўқолгани тахмин қилинганди.

Университет раҳбарияти эса бу қўлёзмалар йўқолмаганини таъкидламоқда. Kun.uz китоблар тақдири билан қизиқиб, 4 марта университетга борди. Аммо сайт вакилларига китоблар кўрсатилмади, уларнинг қаердалиги ҳақида ҳам аниқ маълумот берилгани йўқ.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Воқеалар ривожи

23 декабрь куни Kun.uz'да ЎзМУдаги нодир қўлёзмалар масаласида суриштирув эълон қилинди ва бу кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. 24 декабрь куни Бош прокуратура бу ҳолат ўрганилаётганини, натижаси юзасидан алоҳида хабар берилишини билдирди.

Худди шу куни Миллий университет раҳбарияти қизиқ ишга қўл урди. Суриштирув ўтказиб, муаммони кўтариб чиққан нашр – Kun.uz қолиб, телевидение ва бошқа интернет нашрлар вакиллари чақирилди ва уларга бир неча китобларни олиб чиқиб, булар ўша «йўқолган ёки сотиб юборилган» деб айтилаётган нодир китоблар эканини айтиб, улар йўқолмаганига ишонтирмоқчи бўлишган. 

Қуйидаги суратларда бошқа бошқа китоблар акс этганини кўриш мумкин: 

Шарафиддин Али Яздийнинг XV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» асари қўлёзмаси.
Фото: ЎзМУ кутубхонаси (архив)
ЎзМУ раҳбарияти йўқолгани асоссиз эканлигини айтган ва улар томонидан ОАВ вакилларига кўрсатилган нодир китоблар. Фото: «Дарё»

Шу куни куннинг биринчи ярмида Kun.uz мухбири яна ЎзМУда бўлди ва кўрсатилган китобларни йўқолганлари билан солиштириб кўрмоқчи бўлди. Аммо энди масъуллар бу китобларни кўрсата олишмади.

Шундан сўнг, масала юзасидан таҳририятга мурожаат қилган, университет магистратурасининг 2-босқич талабаси Муҳаммадбобур Юсупов бизни ўша нодир қўлёзмалар сақланган, 2018 йилдан буён бўш турган хонага олиб тушди. Гарчи нодир қўлёзмалар хона таъмирланиши важи билан бошқа жойга олиб чиқилган бўлса-да, бу ер уч йилдан буён таъмирланмагани кўриниб турибди.

Муҳаммадбобур Юсупов

Кечқурунги соат 19:00ларда университет раҳбарияти чақируви билан яна шу ерга қайтдик. Лекин барча масалага изоҳ бермоқчи бўлган ректор Иномжон Мажидов ярим соатдан ортиқ вақт давомида китоблар йўқолмаганига ишонарли далил келтира олмади.

Университет ректори Иномжон Мажидовнинг ОАВ вакиллари билан учрашуви / Kun.uz

«Бу китоблар бор, борлиги аниқ. Биз бугун ҳаттоки китобларни олиб чиқиб ҳам қўйдик, кейин ўзимиз ҳам қўрқиб кетиб бир кабинетга олиб кириб қўйдик. Кечроққа яқин прокуратура ходимлари ҳам келган, мутахассисларга ҳам ўқитди. [Прокуратура ходимлари] бориб уни ёпиб қўйди. 

Мен айтмоқчиманки, ўша китобларни менга ҳам ўша дейишди. Мен араб тилидаям, форсийдаям ўқий олмайман. Лекин у аниқ бор, бизга мутахассислар «ҳа, бу ўша китоблар», деб айтяпти. 

Бу китоблар яширилмади, биз олиб чиқиб қўйиб қўйдик, кимлардир келиб расмга олишди. Уни аниқлаш 5 дақиқалик иш. У китобларни яшириб ёки ўрнига бошқа китобларни қўйиш каби ҳаракатларга мойил одам эмасмиз. Бу ерда олимлар, ўқитувчилар йиғилган. Майли, шубҳа қилиш мумкин.

Эртага келинг. Прокуратура аъзолари билан ўша китобларни солиштириб кўринг»,  деди Иномжон Мажидов Kun.uz мухбирининг саволига жавобан. 

Суҳбатда нима учун 2018 йил бутун бошли бино таъмирланганда бу музей таъмирланмай қолиб кетгани, нега нодир қўлёзмалар музейидаги инвентарлар рўйхати жамоатчиликка кўрсатилмаётгани каби саволлар очиқ қолди. Шунингдек, ректорнинг буйруғида ишчи гуруҳга қайта хатловдан ўтказиш учун берилган бир ҳафталик муддат ўтиб кетган бўлса-да, нега хулосалар ҳамон тақдим этилмаётгани ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Иномжон Мажидов / Kun.uz

Университетдагилар мақолада номлари келтирилган 3та ноёб китоб йўқолмаганини қайта-қайта таъкидлаётган бўлса-да, уларни на Kun.uz'га кўрсатди ва на университет матбуот хизмати томонидан берилган раддияда китоблар суратлари эълон қилинди.

Бундан ташқари, Иномжон Мажидов ўша китоблар прокуратура ихтиёрига берилгани, кейинги куни келиб кўриб олиш мумкинлигини айтганди. Аммо 25 декабрь куни ҳам университетдаги масъуллар прокуратура мутахассислар билан нодир китобларни қаерда ўрганаётганини билмасликларини айтишди.

Бош прокуратура матбуот хизмати эса масъул ходимлар университетда эканлиги, лекин айнан қаерда иш олиб бораётганини билмаслигини айтиш билан чекланди.

Бир неча кундан бери шунча ОАВ вакилларини чақириб, китобларни кўрсата олмасдан, қандай қилиб ўзини оқлаш мумкин, бу энди ЎзМУ раҳбариятининг виждонига ҳавола. Бош прокуратура китобларни кўрсатишга шошилмаётгани ҳам шубҳаларни оширмоқда.

Мамлакат ёшларини зиёли қилиш учун масъул бўлган энг катта таълим даргоҳида шундай шубҳали ишлар бўлаётгани ачинарли ҳолат.

Саволлар ҳамон очиқ: Йўқолгани гумон қилинаётган ўша 3та ноёб китоб ҳозир қаерда? Агар улар йўқолмаган бўлса нега улар кўрсатилмаяпти?

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири

 

Мавзуга оид

Эълонлар