23:32 / 27.12.2021
6703

Истанбул мэриясининг 500дан кўпроқ ходими террорчиликни қўллаб-қувватлашда гумонланмоқда

Фото: Pixabay

Туркия ички ишлар вазирлиги мамлакатнинг энг йирик шаҳри – Истанбул мэриясининг 500дан кўпроқ ходимига нисбатан тергов бошлаганини маълум қилди. Таъкидланишича, мухолифат томонидан бошқарилувчи мэрия ходимлари террорчиликни қўллаб-қувватлашда гумонланмоқда.

Жумладан, 455 ходим Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси билан, 102 ходим эса бошқа сўл радикал ташкилотлар билан алоқадорликда гумонланмоқда.

“Вазирлигимиз Истанбул мэрияси ходимларига нисбатан тергов бошлади. Улар устидан террорчи ташкилотларга алоқадорликлари юзасидан шикоят келиб тушган”, деб айтилган вазирлик баёнотида.

Истанбул мэри, асосий мухолиф Халқ-республика партияси аъзоси Акром Имомўғлу вазирликнинг ушбу баёнотини танқид остига олган.

“Мен Истанбулга хизмат қилувчи биродарларим билан биргаман, улар 86 мингни ташкил қилади. Мен уларнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл бермайман. Келинг, айбдорлар билан охиригача курашайлик. Оиламиз – Истанбул мэриясига ҳужум қилаётганлар ўзлари кутмаган бирдамлик ва кучга тўқнаш келишини билсин”, деб ёзган Истанбул мэри Twitter’да.

Имомўғлунинг айтишича, мамлакат ички ишлар вазирлиги “гумонланувчилар кимлигини айтиб ва уларга ҳукм чиқариб бўлиб, сўнгра уларга нисбатан тергов ўтказади”. У мэрия ходимларини ишга ёллаш жараёни уларнинг ички ишлар вазирлиги томонидан текширилишини ҳам ўз ичига олишини эслатиб ўтган.

Top