20:41 / 31.12.2021
11748

Жанубий Корея собиқ президенти қарийб беш йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқди

Пак Кин Хэ ҳозирда Сеулдаги шифохоналардан бирида даволанмоқда ва февралгача ўша ерда бўлиши кутилмоқда. 

Фото: Reuters

Коррупция айблови бўйича озодликдан маҳрум этилган Жанубий Корея собиқ президенти Пак Кин Хэ муддатидан аввал озодликка чиқарилди. Амалдаги президент Мун Чжэ Ин 69 ёшли Пакни саломатлиги ёмонлашгани туфайли ва президент сайлови олдидан миллий бирдамликни қўллаб-қувватлаш мақсадида афв этди, деб хабар берди Yonhap агентлиги.

Пак Кин Хэ қамоқда тўрт йил-у тўққиз ой бўлди.

У ҳозирда Сеулдаги шифохоналардан бирида даволанмоқда ва февралгача ўша ерда бўлиши кутилмоқда. 

Судлангани оқибатида Пак президентлик имтиёзларидан, хусусан, махсус пенсиядан маҳрум бўлди. Унинг уйи мусодара қилиниб, сотиб юборилган.

Жанубий Корея президенти лавозимини 2013 йил февралда эгаллаган Пак Кин Хэ ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва порахўрликдаги айбловлар учун 2017 йил мартида ўз лавозимидан четлатилганди. Унга нисбатан чиқарилган ҳукмга кўра, сиёсатчи Жанубий Кореянинг Samsung ва Lotte каби йирик компанияларини ўз дугонасига қарашли жамғармаларга 77,4 млрд вон хайрия қилишга мажбурлаган. Собиқ президент ва унинг ёрдамчилари, шунингдек, миллий разведка хизматининг 3 нафар собиқ раҳбаридан 3,5 млрд вон пора олганликда айбланган.

Пак Кин Хэ дастлаб 30 йиллик қамоқ жазоси ва 17 млрд долларга яқин жаримага тортилган. Бироқ кейинроқ суд ҳукмни юмшатиб, қамоқ жазосини 20 йилгача қисқартирган ва сиёсатчининг 180 млрд вон жарима ҳамда 35 млрд вон товон пули тўлаши кераклигини белгилаган.

Top