12:17 / 31.12.2021
8865

«Шу кунгача ходимларимиз томонидан қидирувдаги 271 нафар шахс ушланди» – ИИВ ЙҲХБ

Жорий йил бошидан шу кунга қадар ЙҲХБ ходимлари томонидан 271 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. Бу ҳақда Kun.uz’га Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Сўнгги бир ҳафтада ана шундай 10 та ҳолат аниқланган.

Фото: ЙҲХБ ахборот хизмати

29 декабр куни “Ҳасанбой” блок-постида Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келаётган "Nexia" русумли автомобил тўхтатилади. ЙПХ ходимлари томонидан 1991 йилда туғилган ҳайдовчининг маълумотлари планшет ёрдамида махсус дастур орқали текширилганида у Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан айбланиб, 2021 йил 23 ноябрдан буён қидирувда экани аниқланган. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг ҳайдовчи Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимларига топширилган.

Фото: ЙҲХБ ахборот хизмати

29 декабр куни Шота Руставели кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан 2003 йилда туғилган пиёда тўхтатилиб, унинг маълумотлари махсус дастур орқали текширилади. Текширув ушбу фуқаро Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (Ўғрилик) билан айбланиб, 2021 йил 18 ноябрдан буён қидирувда эканини кўрсатган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро Яккасарой тумани ИИО ФМБга топширилган.

Фото: ЙҲХБ ахборот хизмати

28 декабр куни ЙПХ ходимлари Махтумқули кўчасида 1988 йилда туғилган пиёдани тўхтатиб, унинг маълумотларини махсус дастур орқали текширишганида, у Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (Фирибгарлик) билан айбланиб, қидирувда экани аниқланган. Қидирувдаги шахс белгиланган тартибда Чилонзор тумани ИИО ФМБга топширилган.

Фото: ЙҲХБ ахборот хизмати

27 декабр куни “Қорамурт” блок-пости орқали Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келаётган, 1988 йилда туғилган пиёда ЙПХ ходими томонидан тўхтатилади. Махсус дастур ушбу фуқаро Жиноят кодексининг 122-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан айбланиб, 2017 йил 16 февралдан буён қидирувда эканлиги маълум бўлган. Мазкур шахс Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга топширилган.

* * *

27 декабр куни “Бектемир” ЙПХ маскани орқали Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келаётган “Nexia” русумли автомобил тўхтатилади. Машинада йўловчи сифатида келаётган, 1971 йилда туғилган шахснинг маълумотлари махсус дастур орқали текширилганида, у Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (Ўғрилик) билан айбланиб, 2021 йил 15 ноябрдан буён қидирувда эканлиги аниқланган. Қидирувдаги эркак Бектемир тумани ИИО ФМБга топширилган.

* * *

26 декабр куни Мустақиллик шоҳкўчасидан пиёда ҳаракатланиб келаётган, 1988 йилда туғилган фуқаро ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, унинг маълумотлари махсус дастур орқали текширилганида, ушбу шахс Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “а” банди (Ўғрилик) билан айбланиб, 2021 йил 11 декабрдан буён қидирувда эканлиги маълум бўлган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга топширилган.

* * *

26 декабр куни ЙПХ ходимлари Фарғона йўли кўчасида пиёда ҳаракатланиб келаётган, 1976 йилда туғилган шахсни тўхтатади. Унинг маълумотлари махсус дастур орқали текширилганида, фуқаро Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан айбланиб, 2021 йил 14 ноябрь кунидан буён қидирувда эканлиги маълум бўлган.

Фото: ЙҲХБ ахборот хизмати

24 декабр куни Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими тўхтатилган. 1978 йилда туғилган ҳайдовчи Жиноят кодексининг 168-моддасида (Фирибгарлик) кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбланиб, қидирилаётгани маълум бўлган. Ҳайдовчи туман ИИБга топширилган.

Фото: ЙҲХБ ахборот хизмати

24 декабр куни “Шарқ” ЙПХ маскани орқали Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келаётган “Lada Vesta” русумли автомобилнинг 1998 йилда туғилган йўловчиси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан айбланиб қидирилаётган шахс бўлиб чиққан. Ушбу фуқаро Бектемир тумани ИИО ФМБга топширилган.

Фото: ЙҲХБ ахборот хизмати

22 декабр куни ЙПХ ходимлари Мустақиллик–Шаҳрисабз кўчалари чорраҳасида 1977 йилда туғилган пиёдани тўхтатиб, унинг маълумотлари махсус дастур орқали текширилганида, ушбу шахс Жиноят кодексининг 122-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан айбланиб, 2017 йил 27 апрел кунидан буён қидирувдалиги маълум бўлган. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, қидирувдаги шахс Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга топширилган.

Top