Ўзбекистон | 13:36 / 02.01.2022
30937
7 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги ҳаммомда газ портлаши: гувоҳлар ва жабрланувчилар воқеани қандай эслайди?

31 декабр куни соат 17:00да Фарғона вилояти Учкўприк тумани Қораянтоқ қишлоғида жойлашган ҳаммомда газ-ҳаво аралашмаси портлади. Натижада ҳаммом биносининг том қисми қулаб тушган. Уч киши ўша жойда вафот этган, яна тўрт киши турли даражада тан жароҳати олган.

Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, ҳаммомнинг айни пайтдаги ҳолати ҳақида фоторепортаж тайёрлади, тафсилотларни ўрганди, гувоҳлар сўзига қулоқ тутди, портлаш чоғида ҳаммомда бўлган ва ҳозир шифохонада даволанаётганлар билан суҳбатлашди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Ҳаммом яқинидаги дўкон сотувчиси кўрганларини гапириб берди.

Оллоёрбек Мирзавалиев. Сотувчи. Фото:Kun.uz

«Ўша куни тушликдан кейин 16:30-17:00 лар атрофида дўкон ичида қаттиқ силкиниш бўлди. Ташқарига чиқсак — сауна томи тутаётган эди. Кейин тумонат одам тўпланди.

Аввалига биз буни ер силкиниши деб ўйладик. Эшик ва томлар қимирлаб кетди. Ўша пайтда дўкон ичида 4-5 харидор бор эди. Ҳамма қўрқиб кетди. Сауна маҳалладошимиз Рўзали акага қарашли бўлиб, 2021 йили ишга тушганди», дейди сотувчи Оллоёрбек Мирзавалиев.

Cауна учун ўрнатилган ГРП. Фото:Kun.uz

Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Аҳлиддин Алижонов портлаш бўйича бунгача вазирлик берган маълумотни такрорлади.

ФВБ ахборот хизмати раҳбари Аҳлиддин Алижонов Фото:Kun.uz

«31 декабр куни соат 17:00ларда Учкўприк тумани «Қораянтоқ» МФЙда жойлашган ҳаммомда газ ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлган. Бунинг оқибатида ҳаммомнинг том қисми қулаб тушган. Воқеа жойида 3 киши ҳалок бўлган, 4 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан туман шифохонасига ётқизилган. Ёнғин қутқарув экипажлари томонидан тонггача қидирув қутқарув ишлари амалга оширилди.

Ҳозирда содир бўлган ҳолат юзасидан тегишли хизматлардан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилмоқда», дейди у.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Қидирув-қутқарув ишларига жалб қилинган экскаватор ҳайдовчиси Бекзод Қодиров тунги 2:30 гача ҳодиса жойида ишлаганини айтди.

Бекзод Қодиров. Фото:Kun.uz

«Самсунгчи бўлиб ишлайман. Кеча ёрдамга чақиришди, келдим. Воқеа жойига соат 17:30-18:00 атрофида келдим. Тунги 2:30 ларгача «Ивановец» крани учун йўл очиб бердик. Келсак ҳамма нарса сочилиб, майдаланиб кетган экан», дейди у.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Шу маҳаллада яшовчи Иминжон Раззоқов портлаш жойидан бир кишини қутқариб олгани ҳамда ағнаган плиталарни кўтариш учун экскаватор ва кран олиб келгани ҳақида сўзлаб берди. 

Иминжон Раззоқов. Маҳалла фаоли. Фото:Kun.uz

«Байрам кунида соат 16:00ларда ҳовлимизда меҳмонлар бор эди. Улар учун овқат тайёрлаб турган эдик. Шу пайт гумбурлаган овоз эшитилди. Шундан кейин сауна томонга югурдик. Келиб портлаш ҳолати устидан чиқдик.

Ичкарида қолган одамлардан бирини қутқаришга ёрдам қилдик. Оғир жароҳат олганлар ҳам бор экан. Шундан кейин мен ағнаб тушган плиталарни кўтариш учун Самсунг ва кран олиб келишга чиқиб кетдим. Йигитлар билан бирга ичкаридаги бир қанча одамни қутқариб олдик. Мен шу ердалигимда бир кишини қутқариб олдик. Қолганларини бошқа йигитлар чиқариб олишди», дейди у.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Ҳаммом ичида бўлиб ҳодисадан омон қолганлар билан суҳбатлашиш учун Учкўприк тумани шошилинч тез тиббий ёрдам марказига бордик.

Фото: Kun.uz
Шукрулло Ўсаров. Жабрланувчи. Фото:Kun.uz

Ҳаммом портлаган пайтда ичкарида бўлган Шукрулло Ўсаров ўзи гувоҳ бўлган ҳолат ҳақида гапириб берди.

«31 декабр куни ювиниб покланиб олиш учун ҳаммомга бордик. Соат 15:30-16:00 лар атрофида эди. 10 дақиқада чўмилиб чиқдим. Кийиниш хонасига чиқиб, кийиниб ҳам бўлгандим. Курткамни кияман деб турган пайтимда орқа томондан қандайдир гумбурлаган овоз келди. Шу пайтда пастда йиқилдим. Кейин ташқарига югуриб чиқиб кетдим.

У ердаги ҳолатни қандай тасвирлаб беришни ҳам билмайман ҳозир. Ойналар синган, ойна ромлари тўкилиб кетган. Ҳолат жуда оғир эди. Ҳаммомга машинамда боргандим. Ташқарида машина ичида дўстим чиқишимни кутиб ўтирганди. Қўлимдан қон оқарди. Қонни тўхтатиш учун билак қисмидан боғладик-да, тез тиббий бўлимига келдик.

Мен чўмилган хонада яна 3 киши қолганди. Уларни кейин кўрганим йўқ. Портлаганда ўзим йиқилдим. Йиқилган пайтда қўлим кесилганини ҳатто сезмадим», дея эслайди у.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Муроджон Абдулҳамидов ҳаммомга 4 киши бўлиб келишгани, икки дўстидан айрилиб қолганини сўзлаб берди.

 Муроджон Абдулҳамидов. Фото: Kun.uz

«Соат 15:30-16:00 лар чамасида 4 киши ҳаммомга чўмилгани бордик. Чўмилиб бўлиб ташқарига чиқай деб турганимизда гумбурлаш овози эшитилди. 5-10 дақиқа ётдим ўша ерда. Ўзимга келганимдан кейин машинага ўтириб, шифохонага келдим.

Портлашдан кейин кийимимни олгани кирганимда ҳаммом ер билан битта бўлган экан. Ҳаммомда алоҳида битта бўш хона бор экан, ўша хонага ўзим киргандим. Якка ўзим чўмилиб бўлиб энди кийинаётган эдим.

Мен билан бирга борган 3 ҳамроҳим мендан кейин ҳаммомнинг бошқа хонасига кириб кетган экан. Ҳаммомга бирга борган дўстларимдан иккиси ҳалок бўлибди. Икки киши тирик қолдик. Дўстларим ҳаммом ичида ҳалок бўлганини шифохонада билдим», дейди у.

Фото: Kun.uz

Шифокорларнинг таъкидлашича, ҳодисада жабр кўрган Муроджон Абдулҳамидов ва Шукрулло Ўсаровнинг ҳолати яхши. Эрта-индан уйларига кетиш учун рухсат берилиши кутилмоқда.

Баҳодир Эргашев. Учкўприк тумани тиббиёт бирлашмаси травматологи. Фото: Kun.uz

Шунингдек, Қўқон шаҳридаги тез тиббий бўлимда муолажа олаётган ҳодиса жабрдийдаларидан бирининг ҳолати қониқарли, яна бириники эса оғир аҳволда қолмоқда.

Суриштирув жараёнида шу нарса маълум бўлдики, Қораянтоқ қишлоғи газ тармоғидан 2012 йилда узиб қўйилган экан.

 

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

«Хайриятки, қишлоғимиз газ тармоғидан узиб қўйилгани, акс ҳолда мана шундай портлашларнинг тез-тез гувоҳи бўлармидик...», дейди қўшни маҳаллада яшовчи аёл.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид