Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Монакодаги портлаш бўйича терговда УХХ номи тилга олинди
Монакода украиналик тадбиркор Вадим Ермолаевга қарши содир этилган портлаш юзасидан тергов олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодисага Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) эҳтимолий алоқадорлиги ҳақидаги версияни ҳам кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда французнинг Le Figaro нашри манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, терговчилар ушбу ҳужумни қасддан ўлдиришга уринишдан кўра, бизнесменга йўлланган «огоҳлантириш» сифатида баҳоламоқда. Айни пайтда бу версия расман тасдиқланган эмас ва тергов доирасида текширилмоқда.
Le Figaroʻнинг ёзишича, портлашни ташкил этганликда гумонланаётган шахс воқеадан сўнг Монако билан чегарадош Франциянинг Босолей шаҳрига қочган, кейин эса Италия ҳудудига ўтиб кетган бўлиши мумкин. Уни қидириш ишлари давом этмоқда.
29 июн куни кечқурун Монакодаги турар жой биноларидан бири фойесида кучли портлаш содир бўлган. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида уч киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Улар орасида 50–60 ёшлар атрофидаги эркак ва аёл ҳамда 13 ёшли ўсмир бор.
Расмийлар жабрланганларнинг шахсини ошкор қилмаган бўлса-да, бир қатор оммавий ахборот воситалари улар Днипро шаҳрилик тадбиркор ва девелопер Вадим Ермолаев, унинг оила аъзолари эканини хабар қилди. Кейинчалик айрим нашрлар жароҳатланган аёл Ермолаевнинг турмуш ўртоғи эмас, бошқа шахс бўлганини маълум қилди.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Монако ҳукумати билан доимий алоқада эканини, воқеа жойида украиналик дипломатлар иш олиб бораётганини билдирди. Вазирликка кўра, ҳозирда расмий каналлар орқали жабрланганларнинг шахси ва уларнинг Украина фуқаролигига эга-эмаслиги аниқлаштирилмоқда.
Монако полицияси ҳодисани террорчилик акти сифатида таснифламаган. Иш ҳозирча қасддан одам ўлдиришга уриниш ҳамда жамоат жойига портловчи қурилма жойлаштириш моддалари бўйича тергов қилинмоқда.
Вадим Ермолаев Днипро шаҳридаги йирик қурилиш тадбиркорларидан бири ҳисобланади. У кўчмас мулк, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, логистика ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи «Алеф» корпорацияси асосчиси ҳисобланади.
«Корреспондент» журнали маълумотига кўра, унинг бойлиги 2012 йилда 265 миллион долларга баҳоланган. Кейинчалик Ермолаев Украина фуқаролигидан воз кечиб, Кипр паспортини олган. 2023 йилда Украина ҳукумати унга нисбатан 10 йиллик шахсий санкциялар жорий қилган. УХХ маълумотига кўра, бунга унинг Қримдаги бизнеси ва Россия бюджетига солиқ тўлаган компаниялари сабаб бўлган.
Айни пайтда Le Figaro келтирган маълумотлар тергов доирасидаги версиялардан бири бўлиб, ҳозирча расмий идоралар томонидан тасдиқланмаган.