Жаҳон | 16:48 / 04.01.2022
5418
2 дақиқада ўқилади

Литва президенти мамлакатда Тайван ваколатхонаси очилишини хато деб атади

Ўтган йил ноябрида Литвада Тайван ваколатхонаси фаолият бошлаганидан сўнг Вилнюс ва Пекин ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди.

Фото: TASS/Zuma

Литвада бошқа мамлакатлардаги каби Тайбэй эмас, Тайван ваколатхонаси очилиши хато қарор бўлган. Бу ҳақда Литва президенти Гитанас Науседа Ziniu Radijas радиосига берган интервьюсида айтди.

"Ваколатхонанинг очилиши эмас, унинг номланиши хато бўлган, ташқи ишлар вазирлиги бу борада мен билан келишмаган", - деди у.

"Афсус, ваколатхонанинг номланиши Хитой билан муносабатларга кучли таъсир кўрсатувчи омил бўлди. Энди бунинг оқибатларини бартараф этишга тўғри келади", - деб таъкидлади Науседа.

Ўтган йил ноябрида Литвада Тайван ваколатхонаси фаолият бошлаганидан сўнг Вилнюс ва Пекин ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Ваколатхонанинг номланишидан норози бўлган Хитой ўз элчисини Вилнюсдан чақириб олди ва Литвага ҳам ўз элчисини чақириб олишни тавсия қилди. Ноябр охирларида эса Вилнюсдаги элчихонасини ваколатхонага ўзгартирди.

Пекин шунингдек, иқтисодий босимни ҳам ишга солди: Литвага темир йўл ташувларини тўхтатиб қўйди, Литва корхоналари учун кредит лимитини камайтирди. Декабр бошларида Литвани ўз божхона тизимидан ўчириб ташлади. Натижада литвалик экспортчилар ўз маҳсулотларини Хитойда расмийлаштира олмади. Бундан ташқари, Пекин халқаро компанияларни Литва корхоналари билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Хитойга киритилмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Маълумот учун, Европанинг бошқа мамлакатларида фаолият кўрсатаётган Тайван ваколатхоналари “Тайбэй офиси” ёки “комиссияси” деб аталади, яъни Литвадаги каби “Тайван” сўзи қўлланилмайди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид