Ўзбекистон | 15:00 / 06.01.2022
19422
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузиб ҳаракатланган вилоят ҳокимлиги машинаси жарима майдончасига жойлаштирилди

Ижтимоий тармоқларда, давлат рақами 70 005 DAV бўлган Trailblazer русумли машинанинг Шаҳрисабз шаҳридаги чорраҳалардан бирида йўл-ҳаракати қоидаларининг бир нечта бандларини бузган ҳолда ҳаракатлангани тасвирланган видео тарқалди.

Фото: ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг маълум қилишича, қоидаларни бузган ҳайдовчига чора кўрилган, машина вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода вилоят ҳокимлигига тегишли машина йўл ҳаракати қоидаларининг 2-иловасида кўрсатилган 1.1 йўл ётиқ чизиғини босган ҳолда, светофорнинг ҳаракатни тақиқловчи қизил чироғида, ортга қайрилиб олиш қоидаларини четлаб ўтган ҳолда ҳаракатланганлиги акс этганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, видео юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилганда, мазкур Trailblazer машинаси ён ойналарининг туси тегишли рухсатсиз қорайтирилганлиги маълум бўлган.

Қайд этилишича, 1976 йилда туғилган ҳайдовчи Э.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126- , 128-, 1284-моддалари тартибида баённома тузилиб, машина 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Kun.uz манбасига кўра, давлат рақами 70 005 DAV бўлган Trailblazer русумли машинадан Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов фойдаланади.

Мавзуга оид