Жаҳон | 21:39 / 06.01.2022
7894
2 дақиқада ўқилади

Тўрт мамлакат Эронни уриб туширилган Boeing учун компенсация тўлашдан бош тортишда айблади

2020 йил 8 январда Украина ҳаво йўлларига қарашли Boeing 737 самолёти Теҳрон аэропортидан ҳавога кўтарилганидан сўнг қулаб тушганди. Эрон ҳукумати ҳалокатдан уч кун ўтиб, самолёт ҳарбийлар томонидан тасодифан уриб туширилганини тан олган.

Фото: Reuters

Эрон музокаралардан қочмоқда ва Украина ҳаво йўллари компаниясига қарашли Boeing йўловчи самолёти уриб туширилгани учун компенсация тўлашдан бош тортмоқда. Бу ҳақда Украина, Буюк Британия, Канада ва Швециядан иборат халқаро гуруҳ вакиллари қўшма баёнотида айтилмоқда.

«Сўнгги икки йил давомидаги саъй-ҳаракатларимиз ва бу масалани музокаралар йўли билан ҳал этиш учун уринишларимизга қарамасдан, халқаро гуруҳ Эронни музокараларга киришига кўндириш бефойдалигини аниқлади»,— дейилади баёнотда.

Қўшимча қилинишича, халқаро гуруҳ масалага халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ечим топишни мақсад қилган.

Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари Эрон фуқаровий ва ҳарбий мансабдор шахсларини жавобгарликка тортишни кўзламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Украина ҳаво йўлларига қарашли Boeing 737 самолёти 2020 йил 8 январда Теҳрон аэропортидан ҳавога кўтарилганидан сўнг қулаб тушганди. Ҳалокат Эрон армияси генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига жавобан АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета зарбалари берган чоғда содир бўлган. Эрон ҳукумати ҳалокатдан уч кун ўтиб, самолёт ҳарбийлар томонидан тасодифан уриб туширилганини тан олган.

Ҳалокат оқибатида 176 киши — Эрон, Канада, Буюк Британия, Германия, Швеция, Афғонистон ва Украина фуқаролари ҳалок бўлган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид