Ўзбекистон | 21:06 / 06.01.2022
8372
7 дақиқада ўқилади

Тухум экспорти тақиқланган. Ветеринария қўмитаси эса буни инкор этмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 16 декабрдаги мажлиси баённомасида 2022 йилнинг 1 апрелига қадар тухум экспортига тақиқ қўйиш бўйича таклиф маъқулланган. Бунинг оқибатида фермер ва тадбиркорлар катта молиявий муаммоларга дуч келишганини айтишмоқда.

Фото: Виталий Белоусов

Ижтимоий тармоқларда 2022 йилнинг 1 апрелигача Ўзбекистондан хорижга тухум экспорт қилиш бўйича норасмий тақиқ қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақдаги қарор Вазирлар Маҳкамасининг 16 декабрдаги мажлиси баённомасида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозорларда нархларни барқарорлаштириш мақсадида тухум экспортини тўхтатиш ташаббуси билан чиққан.

«Эшитишим бўйича, мамлакат бўйлаб тухум экспортига норасмий тақиқ қўйилгани қулоққа етиб келмоқда. "Тухумларимиз сасиб қолмоқда" деб айтмоқда бир тадбиркор. Мамлакатдаги тухум етиштирувчилар асосан Афғонистонга экспорт қиларкан. Қарангки, Толибон ҳокимият тепасига келса-да, тухумга талаб ўзгармаган.

Тушунарсиз сабаб билан мамлакат ҳудудидан тухум чиқарилмаяпти дейди экспортчи тадбиркор. Айтишича, масъуллар унга оғзаки топшириқ бор деб айтишмоқда экан.

Аввало, топшириқ оғзаки бўладими, бошқами у юридик кучга эга бўлмайди. Агар ростдан бу бўйича аниқ кучга кирган норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлса, бошқа гап эди. Бундай вазиятда ҳолат форс-мажор деб баҳоланиши мумкин. Лекин тухум деган жонивор форс-мажорни тушунадими? У шартнома шартларига қараб ўтирмайди. Айнийди, қўяди. Бундан тадбиркор жабр кўради. Тухуми яроқсиз ҳолатга келиб қолади, бизнеси расво бўлади. Кейинги йил тухумам бўлмайди, экспорт ҳам. Иккаласидан мосуво бўламиз. Тадбиркорларни огоҳлантиришмаган ҳам. Яна битта баённома асосида. Бутун бошли экспорт масаласига қисқагина "оғзаки топшириқ бор" деб кўчани кўрсатиб юбораверишган», деб ёзди ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедов ўз Телеграм каналида.

Gazeta.uz боғланган Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги учта фермер хўжалиги ҳам экспорт қилиш тақиқлангани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаган.

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги «Дарғом парранда файз» корхонаси чеклов фақат истеъмол қилинадиган тухумларга тааллуқли эканини, инкубациядан чиққан наслчилик тухумларини экспорт қилиш давом этаётганини маълум қилган.

«Sardor Bahrom Zoo» фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Иномов экспорт тақиқлангани сабабли бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. У тақиқ ҳақида Афғонистонга тухум етказиб бериш бўйича шартнома тузмоқчи бўлган пайтда хабар топган.

Тадбиркорнинг айтишича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ички бозорда тухумга бўлган талабни тўлиқ қоплаш билан бирга, маҳсулотининг бир қисмини четга экспорт қилиб келмоқда.

«Ўзим ишлаб чиқараётган тухумнинг 20 фоизини экспорт қиламан. Агар экспорт тўхтаб қолса, бу жуда катта зарар етказиши мумкин. Агар фойда қилмасак ва ишлаб чиқариш ҳажмини аниқ билмасак, товуқларнинг сонини қисқартиришга ва уларнинг бир қисмини сўйиш учун жўнатишга мажбур бўламиз. Тухумни омборда сақлаш мумкин эмас, товуқлар сонини камайтириш ҳақида ўйлаяпмиз”, деган у.

Баҳром Иномовнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон тухумни фақат Афғонистонга экспорт қилади, чунки маҳсулотлар МДҲ мамлакатлари талабларига жавоб бермайди.

Тадбиркор ҳозирда экспорт шартномаси тузган афғонистонлик ҳамкори олдида бажарилмаган мажбуриятлари борлигини айтмоқда: «Келажакда шерик мен билан ишлашни истамайди, чунки келишувга риоя қилинмаяпти»

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Progress Parranda» корхонасининг маълум қилишича, кунига ўртача 55 минг дона тухум ишлаб чиқарилиб, унинг ярми Афғонистонга етказиб берилмоқда. Аммо экспорт чекловлари туфайли компания тухумни деярли таннархида сотишга мажбур.

«Кеча биз нархларни пасайтирдик. Бугун ҳам. Бунгача 1050-1100 сўмдан сотган бўлсак, ҳозир 900 сўмга нархлар пасайди. Самарқандда эса 800 сўмдан сотилмоқда. Омборларда маҳсулот тўпланиб қолаётганлиги сабабли уларни ўз таннархида сотишга мажбурмиз. Бошқа тадбиркорлар ҳам бундан жиддий азият чекмоқда. Кўплаб тухум ишлаб чиқарувчилар кредит олган, аммо нарх кескин тушиб кетгани сабабли қарзларини тўлай олмаслик хавфи ортмоқда», деган «Progress Parranda» раҳбарияти.

Улар корхонани ёпиш ва бошқа бизнесга ўтиш ҳақида ўйлаётганлигини қўшимча қилиб ўтган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров бундай ёпиқ қарорлар қўшилган қийматни кўпайтириш учун эмас, аксинча иқтисодиётни ўлдиришга хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.

 Ўйлаб ўтирмай, тухум экспорти тақиқини қилибсизлар, хўп, бу ҳақда ҳеч қурса, жамоатчиликни, боринг ана бизнесни огоҳлантириб қўйишнинг иложи йўқми? Ҳамма ҳам сизларнинг кабинетингиз эшигини тепиб кириб, исталган ҳужжатларга, имтиёз ва преференцияларга қўл қўйдириб оладиган корчалон ва олигарх ё дўстларингиз эмас. Умуман ўзи бирон бир соҳага ё бизнесга оид қарорлар чиқаришда ўша соҳа ё бизнес вакилларини эшитиш имкони борми? Чигитни вилоятдан чиқаришга тақиқ қўйишдан аввал кластерлар билан, ип-калава экспортини тўхтатишдан аввал текстилчилар билан мулоқот қилса бўладими? Чунки сизлар эмас, айнан ўшалар қўшилган қиймат яратаяпти», дея ёзди иқтисодчи.

Давлат ветеринария қўмитаси эса тухум экспортини тақиқлаш ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.

«Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси шуни маълум қиладики, тухум экспорти бўйича тадбиркорларга оғзаки ёки ёзма тақиқ қўйилмаган.

Шунингдек, тадбиркорлар тухум импорт қилувчи мамлакатларнинг меъёр ва тартибларига мувофиқ экспорт қилишлари учун чеклов ўрнатилмаган», дейилади қўмита хабарида.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги эса четга тухум сотиш учун чекловлар жорий қилинганлигини тасдиқлади.

«2021 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида республика бўйича тухум нархи 19,6 фоизга, айрим ҳудудларда эса 20-22 фоизгача қимматлашди. Йилнинг қиш мавсумида ушбу маҳсулот нархига қўшимча босим юзага кела бошлайди.

Тухум нархининг ошишига қиш ойларида иситиш харажатлари ошиши ва паррандачилик хўжаликларида касалликларнинг авж олиши, тухум беришга мослашган товуқларнинг мавсумий янгиланиши, озуқа маҳсулотларининг қимматлашиши ҳамда куз мавсумидан бошлаб ушбу маҳсулотга талабнинг ортиб бориши (бошқа ойларга нисбатан 20-30 фоизга ошади) таъсир кўрсатди.

Бундан ташқари паррандачилик хўжаликларида озуқа базасининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар сабабли кўплаб хўжаликлардаги паррандалар сони умумий ҳисобда 1 миллиондан ортиқ миқдорга камайган.

Глобал пандемиянинг давом этаётганлигини, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг аҳоли харид қобилиятига таъсирининг юқорилиги, шунингдек ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашнинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда тухум экспортига нисбатан киритилган чеклов вақтинчалик чора ҳисобланади», дейлади вазирлик баёнотида.

Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан ўз суриштирувини олиб бормоқда. 

Мавзуга оид