Ўзбекистон | 07:21 / 07.01.2022
3837
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар учун янги лойиҳа амалга оширилади

Меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар бандлигини таъминлаш ва реинтеграция қилиш чораларини кўриш, “Ўз келажагимга ўзим инвестор” лойиҳасини самарали амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Фото: Kun.uz

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, хориждан қайтган фуқаролар касб ва кўникмалари бўйича ўрганишлар олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб ва кўникмаларга қайта тайёрлашга эҳтиёж, тадбиркорликка жалб этиш имкониятларини кўриб чиқиб, манзилли дастурлар тайёрлаш кўзда тутилган.

Хориждан қайтган фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар кўлами танқидий кўриб чиқилади, самарали кўмак кўрсатиш тизими яратилади.

“Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури” доирасида: хориждан қайтган фуқароларни манзилли ишга жойлаштириш; касб-ҳунарга ўқитиш орқали қайта тайёрлаш; тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш чораларини кўзда тутиш мўлжалланган.

Тасдиқланган дастур асосида 160 минг нафар хориждан қайтган фуқароларни доимий ва вақтинчалик иш ўринларига ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш ҳамда тадбиркорликка жалб қилиш назарда тутилмоқда.

“Ўз келажагимга ўзим инвестор” лойиҳаси доирасида хорижда ишлаб келган ва ватанида тадбиркорлик қилмоқчи бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш тизими яратилади.

Бунда, камида 20 минг нафар тадбиркорлар ўз фаолиятини бошлаши учун уларга бўш бино-иншоотлар ажратилишида, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишга, кредит маблағлари олишига кўмаклашиш, ёлланма ишчиларнинг касбий малакасини ошириш ва бошқа масалаларда ёрдам бериш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид