Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистондаги беқарорлик Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?
Энг йирик савдо ҳамкорларимиздан бўлмиш Қозоғистондаги беқарорлик Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади? Қозоғистон ва Россиядаги меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ва озиқ-овқат нархлари ошишига оид қандай прогнозлар бор? Kun.uz ушбу саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон – нега бу давлат биз учун муҳим?
Исмоил Саифназаров, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, фалсафа фанлари доктори:
— Ўзбекистон ва Қозоғистон – табиий иқтисодий ҳамкорлар. Иқтисодиётларимиз рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради. Ўзаро савдо ортмоқда. 2021 йилда товар айирбошлаш рекорд даража – 4 миллиард долларга етди.
Ўзбекистоннинг Қозоғистонга экспорти: озиқ-овқат маҳсулотлари – 278 млн доллар (экспорт ҳажмининг 30,7 фоизи), машина ва ускуналар – 208 млн доллар (22,9 фоиз), кимёвий маҳсулотлар ва улардан тайёрланган буюмлар – 89 млн доллар (9,8 фоиз), металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар – 54 млн доллар (6 фоиз), тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечак – 43 млн доллар (4,7 фоиз), шунингдек, хизматлар – 142 млн доллар (15,6 фоиз).
Ўзбекистоннинг Қозоғистондан импорти: озиқ-овқат маҳсулотлари – 867 млн доллар (импорт ҳажмининг 41 фоизи), металлар ва металл маҳсулотлари — 369 млн доллар (17,4%), энергия манбалари ва нефт маҳсулотлари – 274 млн доллар (13 фоиз), машина ва ускуналар – 140 млн доллар (6,6 фоиз), кимёвий маҳсулотлар ва улардан тайёрланган буюмлар 82 млн доллар (3,9 фоиз).
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг умумий экспорти таркибида асосан учинчи мамлакатларга етказиб бериладиган хомашё маҳсулотлари (минерал маҳсулотлар, рангли ва қимматбаҳо металлар ва бошқалар) асосий улушни (50-60 фоиз) эгаллайди. Шу билан бирга, хомашё маҳсулоти ҳисобланмаган товар позициялари бўйича ўзаро савдо-сотиқни, айниқса, ҳар икки давлат манфаатдор бўлган тайёр маҳсулотлар савдосини ривожлантириш борасида катта истиқболлар мавжуд.
Марказий Осиёда Қозоғистон ва Ўзбекистон аҳолиси 71 фоизни ташкил этади, бунда ялпи ички маҳсулот умумий ҳажмининг 78 фоизи ва минтақа давлатлари ўзаро ички савдосининг 74 фоизи шу икки давлат ҳиссасига тўғри келади.
Уч таъсир: товарлар, пул жўнатмалар ва транзит юклар. Нима бўлиши мумкин?
Қозоғистондаги воқеалар Ўзбекистон иқтисодий ҳаётига таъсир қилмасдан қолмайди. Қўшни давлатдан импорт қилинадиган нефт, ун, озиқ-овқат маҳсулотлари ва маиший товарлар узилиши ёки танқислиги кузатилса, иқтисодиётимизга сезиларли зарар етиши айтилмоқда. Қозоғистон гўшт экспортини тақиқлаган. Маълум муддатга чегаралар ёпилиб, юк автомобиллари ва поездлар ҳаракати тўхтаб қолди. Бу гўшт ва буғдой нархига таъсир қилиши мумкин. Металл, маиший техникалар ва муайян турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари борасида ҳам шундай дейиш мумкин.
Иккинчиси, Қозоғистондаги банклар қисқа муддатга бўлса-да, ўз хизмат фаолиятини тўхтатди. Балки катта ва тинч шаҳарларда ишлаётгандир, лекин ўзбекистонликларнинг асосий алоқаси бўлган Олмаотадаги банкларда танаффус узоқроқ давом этди. Демак, халқаро ўтказмалар, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмалари ҳам бир неча кунга тўхтади дегани.
Учинчиси, Россия ва Хитой каби давлатлардан келаётган транзит юклар ҳам номаълум муддатга тўхтаб қолади. Албатта, бу ҳам иқтисодиётимизга зарар.
“Бозорларимиздаги нарх-наво қўшниларимизга ҳаддан зиёд боғлиқ”
Отабек Бакиров, иқтисодчи:
— Қозоғистон бизнинг учинчи рақамли ҳамкоримиз. Ўтган 11 ойда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 3,5 млрд доллардан ошган. Шундан 2,5 миллиард долларлик қисми – импорт.
Биз Қозоғистондан йирик миқдорда ун, буғдой, бошқа озиқ-овқатлар ҳамда нефть маҳсулотлари харид қиламиз.
Қозоғистон буғдой ва ун экспортининг ярмидан кўпини Ўзбекистон истеъмол қилади. Бозорларимиздаги нарх-наво қўшниларимизга ҳаддан зиёд боғлиқ.
Қозоғистондан нефть экспортида ҳам Ўзбекистоннинг ўрни юқори (бензин экспортига чекловлар қўйилгач, нефть импорти янаям ошди). Бу борада йил статистикаси очиқлангани йўқ, лекин МДҲда қозоқ нефтини энг кўп истеъмол қиладиган айнан Ўзбекистон ҳисобланади.
Шу маънода, бизнес ривожида ҳам, оддий одамларимиз ҳаёти ва турмуш тарзида ҳам қўшниларимизда барқарорлик бўлишининг ўрни жуда юқори.
Қозоғистондаги беқарорликнинг нафақат иқтисодий, балки сиёсий таъсири ҳам бўлади. Мана, Ўзбекистон газ экспортини ҳам тўхтатди. Бу ҳам таъсирини кўрсатади. Ҳамма газ ички истеъмолга йўналтирилмоқда.
Меҳнат муҳожирлари, юк транзакциялари нефт импортига салбий таъсирлар
Абдулла Абдуқодиров, иқтисодий тадқиқотчи:
— Қозоғистон биз учун жуда катта сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга мамлакат. Биринчидан, у бизнинг қўшнимиз – 19 млнлик халқ. Иккинчидан, Хитой, Россия ва Европадан келадиган транспорт йўлларимиз Қозоғистон орқали ўтади. Бугунги кунда Туркия ҳам Туркманистон ёпилгани учун Қозоғистон орқали юкларини Ўзбекистонга олиб келади ва олиб чиқиб кетади. Яъни ташқи иқтисодий алоқалар ва транспорт коммуникация учун бу давлат биз учун жуда катта аҳамиятга эга.
Шунингдек, бизга қардош халқ бўлгани сабаб ижтимоий, диний ва маданий томондан ҳам бу халқнинг ривожланиши биз учун муҳим. Чунки қўшни бой бўлса, ёнидаги мамлакатлар ҳам бой бўлиб бораверади. Қўшни камбағал бўлса, унда уруш бўлса, ёнидаги мамлакатларда ҳам тинчлик бўлмайди.
Иқтисодчи сифатида айтишим мумкинки, бугун ҳам кўриб турибмиз, Москва биржаларида биржа активлиги, биржа индекслари тушиб кетган. Рубл қадри долларга нисбатан сезиларли пасайган. Бу дегани Россияда, пул ишлаб топаётган ватандошларимизга ойликлар рублда берилгани боис рублни ҳам қадри тушиб кетиши оқибатида маошлар камайишига олиб келади. Россиянинг ўзида нарх-наво ўсади. Инфляция ўсгандан кейин инвестициялар, уй-жой қуриш камаяди, демакки бизнинг ватандошларга иш ўрни камаяди.
Ҳар доим шундай кескин ўзгаришлар бўлганда, 2008–2014 йилларни олсак, кўпгина ватандошларимиз иш топа олмай, Ўзбекистонга қайтиб келишга мажбур бўлган. Ватандошлар юборадиган пуллар ҳажми сезиларли камайган. Яъни биз учун биринчи таъсир доираси Россияда, иккинчиси Қозоғистонда.
Тартибсизликлар давом этиб, қозоқ тенгесининг алмашинув курси кескин тушиб кетса, Қозоғистонда сиёсий кризис билан бирга иқтисодий танглик ҳам бошланади. Бундай шароитда иқтисодий жараёнлар илгаригидек давом этмайди, уларда рисклар кўпаяди. Транспорт корхоналари Хитой товарларини Қозоғистоннинг Хоргос шаҳри орқали олиб келар эди, бу асосий канал. Миллиардлаб Хитой маҳсулотлари Хоргос орқали бизга кириб келаётган эди. Бугунги кунда Хитойнинг ўзида ковид туфайли нотинчлик бўлиб турганди, Хитой фақат Европага кетаётган юкларни биринчи навбатда ўтказиб, Россия ва бошқа мамлакатларга кетадиган юкларни орқага ташлаб ташқи иқтисодий алоқаларимизни сусайтирганди. Энди бунинг устига Қозоғистондаги нотинчлик ҳам келиб қўшилади.
Бугунги кунда Қозоғистонда ярим миллионга яқин ватандошимиз меҳнат қилади, улар ҳам Ўзбекистонга ўз жамғармаларини юбориб турганди, бу жамғармалар ҳам камаяди. Тартибсизликлар давом этса, уларнинг кўпчилиги иш топа олмай, бу шароитда қайтишга мажбур бўлиши мумкин. Биз табиийки қайтиб келаётган ишчиларга қисқа вақт ичида иш ўринларини ярата олмаймиз.
Кейинги навбатда нефть ва нефть маҳсулотлари импорти билан бўлган шароит биз учун ёмонлашиши мумкин.
Катта иқтисодий ҳамкор деб қаралган мамлакатда нотинчлик бўлиши, савдо транспорти ҳаракатларига таҳдид бизнинг иқтисодиётимизга билвосита салбий таъсир ўтказади.
Мавзуга оид
20:56
Қозоғистондаги икки президентпараст партия сайлов олдидан бирлашди
18:28
Қозоғистонда пора бериш нияти жиноятга тенглаштирилди
20:25 / 10.06.2026
Қозоғистонда жинсий зўравонлик жиноятлари тергови аёл терговчиларга топширилади
18:53 / 10.06.2026