Жаҳон | 13:58 / 09.01.2022
19624
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги тартибсизликлар вақтида 6 мингга яқин киши қўлга олинган

Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, қўлга олинган 5,8 минг киши орасида кўплаб хорижликлар ҳам бор. 125 та ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган.

VALERY SHARIFULIN\TASS

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакатдаги намойишлардан кейинги тартибсизликлар вақтида 5,8 минг кишини қўлга олган. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берган.

Республика ИИВ маълумотига кўра, оғир жиноятларни содир этишда гумонланган 134 киши вақтинча сақлаш учун изоляторларга жойлаштирилган. Яна 516 киши маъмурий иш доирасида ҳибсга олинган. «Қолганларга нисбатан текширув ва тезкор тадбирлар олиб борилган», — дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, ИИВ чегара ҳудудларда Қозоғистонни пиёда ёки автомашина орқали тарк этмоқчи бўлган 300 нафар атрофидаги киши қўлга олингани ҳақида хабар берган. Уларнинг кўпчилигидан қуроллар ва валюта мусодара қилинган.

8 январь куни Қозоғистон ИИВ намойишлар бошланганидан буён қўлга олинганлар сони 4266 кишини ташкил этаётганини хабар қилганди.

ИИВ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қурбон бўлганлар сонини янгилаб келмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, аввалги хабарларида айтилганидек полициячилардан 18 эмас, 16 киши тартибсизликлар вақтида ҳалок бўлган, ИИВ, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ва махсус хизматлар вакиллари бўлган яна 1,3 минг киши турли даражада жабрланган. Мудофаа вазирлиги икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини билдирган.

Январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархи ошишига норозилик сифатида намойишлар бошланди. Кўп ўтмай намойишлар тўлқини бутун республикага ёйилди, энг жиддий воқеалар Олмаотада бўлиб ўтди. Бу орада Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, мамлакатда фавқулодда ҳолат режими ва комендантлик соати жорий этилди. Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар кучлари юборилди.

Мавзуга оид