19:31 / 11.01.2022
5727

Исломда бола ҳуқуқлари ва йўл ҳаракати фиқҳига доир китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 11 январь куни Ўзбекистон мусулмонлар идорасида аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшонийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарининг ўзбек тилидаги илк нашри ҳамда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг «Йўл ҳаракати фиқҳи, шаръий ҳукм ва одоблар» китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Фото: islom.uz
Фото: islom.uz

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тақдирлаш маросимида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров, таниқли уламолар, мударрислар, Ички ишлар вазирлиги ва ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ҳам қатнашди.

Фото: islom.uz

Маълум қилинишича, исломда бола ҳуқуқларига доир китоб муаллифи Муҳаммад ибн Маҳмуд Маждуддин ал-Уструшоний ХII асрнинг охири ва ХIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан бири ҳисобланади.

«Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари асосан вояга етмаган ёш болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига бағишланган бу асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба бўлиб қолади.

Фото: islom.uz

Ўзбек тилига ўгирилган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғиб, тизимлаштирилган. Муаллиф бунинг учун Ҳанафий мазҳабининг ўз давригача яшаб, ижод этган 120 дан ортиқ фақиҳларнинг фикрларини мужассам қилган. Шу жиҳатлари билан бу мукаммал асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда замонавий ҳуқуқшунослик учун ҳам тарихий аҳамият касб этади, дейди мутахассислар.

Шунингдек, тақдимотда Ислом динида йўл ҳақлари, йўл қоидаларига амал қилишнинг ҳукми ҳамда йўл ҳаракати фиқҳига оид муҳим мавзуларга Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб илмий ёндашган аҳли илмлардан Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг «Йўл ҳаракати фиқҳи, шаръий ҳукм ва одоблар» китоби тақдим қилинди.

Kun.uz Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан Ислом динида йўл ҳаракати қоидалари аҳамияти борасида суҳбат уюштирган эди.

Суҳбат давомида йўл қоидаларига амал қилишнинг ҳукми, қоидаларни ўргатиш бўйича «автомактаблар» ва жамиятнинг масъулиятлари, тезликни ошириш оқибатида вафот қилган шахснинг ҳукми, ЙТҲ иштирокчилари, гувоҳлар ва масъулларнинг ҳолати, қоидабузарларни расмга олиб юбориш ҳамда аёллар автомобиль ҳайдашига доир кўплаб қизиқарли мавзулар борасида фикрлар билдирилган.

Китоблар ҳамда видеолавҳа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосалари асосида тайёрланган.

Top