Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўпол йўл қоидабузарликлари учун транспорт воситаси мусодара қилиниши мумкин
Ўзбекистонда айрим қўпол йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун автомобилни вақтинча олиб қўйиш, айрим ҳолларда эса мусодара қилиш чораларини жорий этиш таклиф қилинди. Шунингдек, вояга етмаганларга транспортни бошқаришга рухсат берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин.
Ўзбекистонда қўпол йўл қоидабузарликлари учун транспортни вақтинча олиб қўйиш ёки мусодара қилиш чораларини жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда ЙҲХХ бошлиғи Шерзод Иброҳимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
Қайд этилишича, йўлларда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳ томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган ва давлат раҳбарига тақдим этилган.
Бугунги кунда фуқаролар томонидан вояга етмаган болаларга транспорт воситалари топшириб қўйилиши ҳолатлари йўлларда ўлим ва жароҳат олиш ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлаётгани, йўлларда, айниқса, аҳоли яшаш пунктларида пойгалар ташкил этилиб, ҳаракат хавфсизлигига жиддий хавф солаётгани, қўпол қоидабузарликларни қайта-қайта содир этганларга ҳам жарималарни чегирма билан тўлаш имконияти берилиши бундай қоидабузарликлар давомий бўлишига шароит яратаётгани таъкидланган.
Шу боис, юқоридагиларни инобатга олиб, беш турдаги қўпол қоидабузарликлар учун маъмурий жазо чораси сифатида автотранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш жазо чорасини киритиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари:
– бир неча турдаги қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади;
– транспортни бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки маҳрум қилинган шахс томонидан содир этилган йўл безорилиги учун қўшимча равишда автомобилни мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш жазоси жорий этилади;
– транспортни маст ҳолда бошқарганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади;
– қўпол қоидабузарлар учун жаримани чегирма билан тўлашга бир йиллик чеклов жорий этилади;
– транспортни бошқаришга болаларга рухсат бериш, танага шикаст етказиш, ўлимга сабаб бўлганда жиноий жавобгарликка тортиш таклифи илгари сурилмоқда.