Ўзбекистон | 07:47 / 11.01.2022
6413
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги бозорларда ундириладиган йиғимларнинг янги миқдорлари жорий этилади

Фото: Kun.uz

Тошкент вилояти ҳокимининг “Тошкент вилоятидаги бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан 2022 йилда ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар қийматининг янги миқдорларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан :

  • вилоятдаги бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимларнинг миқдорлари;
  • инвентарларини ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган тўловларнинг миқдорлари;
  • бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун ижара тўловларининг миқдорлари;
  • умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар учун ундириладиган тўловларнинг миқдорлари;
  • “Bek Baraka ixtisoslashgan savdo kompleksi” масъулияти чекланган жамияти томонидан йилда ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг миқдорлари тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва халқ истеъмоли моллари билан савдо қилинганда, битта савдо ўрнининг ўлчами 1-1,2 погон метр, шунингдек полиз маҳсулотлари, гуллар ва кўчатлар, идишли ва ўрамли маҳсулотлар сотишда эса 6,0 кв метргача ўлчамда белгиланади ва шу ўлчамдан ортиқ эгалланган ўрин учун қўшимча равишда ҳар бир савдо ўрни учун белгиланган тўлов миқдорида жой ҳақи ундирилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва халқ истеъмоли моллари аралаш ҳолда сотилганда, тўлов сотиладиган маҳсулот турлари бўйича белгиланган энг юқори ставка бўйича ундирилади.

Бозор ҳудудида давлат қиёслов кўригидан ўтганлиги ҳақидаги махсус сертификатга эга бўлган шахсий тарозилар ва бошқа ўлчов анжомларидан, шунингдек юкларни ташиш учун шахсий аравачалардан фойдаланилганда, ушбу хизматлардан белгиланган тарифларга мувофиқ тўловлар ундирилади.

  • Бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги бино ва иншоотлар мулкдорларига кўрсатилади ҳамда улар учун кадастр ҳужжатларида кўрсатилган эгаллаган ер майдонларидан келиб чиқиб ҳақ ундирилади;
  • Бозорлар ва савдо комплексларининг фойдаланишида бўлган, лекин бандлиги таъминланмаётган, фаолият кўрсатмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган ер майдонлари, шунингдек бино, иншоотлар “Тошвилбозорсавдо” уюшмасининг таклифига асосан белгиланган тартибда туман (шаҳар) ҳокимликлари захирасига олинади.

Вилоятдаги бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан 2022 йилда ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар қийматининг миқдорлари таркибига қўшилган қиймат солиғи ҳам киритилганлиги белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид