Замонавийлашаётган маҳалла: у аҳолига яқинлашяптими ёки узоқлашмоқда? — Иккинчи мақола
Сўнгги икки йил давомида маҳалла тизимини ислоҳ этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўзини оқлаяптими? Афсуски, бу саволга тасдиқ жавоби қайтариш мушкул.
Янгиликларни жорий этиш бўйича барча кўрсатмалар фақат юқоридан келмоқда. Мутасаддилар жойларга чиқиб, йиғилиш ёки учрашувлар ўтказганда, турли топшириқлар бериш билан кифояланмоқда.
Маҳалла раиси сифатида икки ярим йиллик иш фаолиятим давомида Тошкентдан келган маҳалла тизими мутасаддилари бирор марта тўпланганларга «қандай муаммолар сизларни қийнамоқда, тизимда бўлаётган ўзгаришларга муносабатларинг қандай, нима қилсак маҳалла нуфузини янада ошириш ва уни аҳолига яқинлаштириш мумкин», дея мурожаат қилганини эшитганим йўқ.
Ўзини оқламаган тажрибалар
Улардан бири Самарқандда ўтказилди. Самарқанд вилояти туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасида 2021 йил 1 июндан бошлаб «маҳаллабай» ишлаш тизими эксперимент тариқасида жорий этилган эди. Давлат муассасаси шаклида «маҳаллабай» ишлаш марказлари ташкил қилиниб, ҳар учта маҳаллага биттадан маҳаллабай ишлаш инспекторлари бириктирилди.
Марказларнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари аниқ белгилаб берилди:
- аҳоли бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбайини яратиш орқали камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш;
- тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш;
- тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, кредит ҳамда субсидиялар олишда ҳамда замонавий асбоб-ускуналар ва мини-технологиялар топишда кўмаклашиш;
- маҳалладаги инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш ҳамда хорижда меҳнат фаолиятини юритиш ва малака ошириш истагини билдирган фуқаролар билан ишлаш.
Самарқанд шаҳрида ташкил этилган марказда 80 нафарга яқин фуқаро ишга олинди. Улардан 72 нафари инспектор, қолгани марказ раҳбар ходимлари. Афсуски, маҳаллалар уларнинг нима иш қилганидан бехабар қолишди.
Юқорида санаб ўтилган вазифалардан қайсилари бажарилди? Инспектор ўзига бириктирилган уч маҳаллага неча мартадан борди ва маҳаллага қандай фойдаси тегди?
Масалан, маҳалламизга бириктирилган инспектор кўпи билан икки ё уч марта келган ва бир-иккита маълумот сўраган эди. Аммо аниқ бир иш қилган эмас. Бошқа кўплаб маҳалла раисларидан сўраганимда ҳам, инспекторлар ҳеч қандай каромат кўрсатмаганлигини уқтиришмоқда.
Шундай экан, эксперимент тариқасида жорий этилган маҳаллабай ишлаш тизими ўзини оқлади, деб бўладими? Бюджетдан, яъни халқимиз бойлиги ҳисобидан маош учун кетган маблағнинг уволи йўқми?
Маҳаллабай ишловчи ҳоким ёрдамчилари
Энди 1 январдан бошлаб маҳаллабай ишлаш тизими тубдан ўзгарадиган бўлди. Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари лавозими жорий этилди.
Ҳоким ёрдамчилари зиммасига маҳаллада мавжуд иқтисодий вазифаларни ечиш, маҳаллада тадбиркорлик субъектларини кўпроқ ташкил қилиш, маҳаллада ишсиз бўлган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, маҳалла ҳудудида мавжуд бўш турган бинолардан мақсадли фойдаланиш бўйича тегишли идоралар билан биргаликда зарур чора-тадбирларни белгилаш, маҳалладаги ижтимоий ҳолатни ўрганиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чораларни кўриш каби қатор вазифалар юклатилган.
Ҳоким ёрдамчилари ҳамда ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, туман (шаҳар)ларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилди.
Ушбу лавозимни жорий этиш замирида катта маъно ётибди. Маҳаллалардаги иқтисодий масалаларни ечиш ва аҳолини камбағалликдан чиқариш учун каттагина маблағ ажратилади. Маблағни тасарруф қилиш ва бошқа иқтисодий ҳамда молиявий муаммоларни малакали ечиш учун мутахассис жалб этилмоқда. Аммо...
Ҳар бир шахснинг ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажариши учун, у раҳбар бўладими ё оддий ходимми, унга кучли мотивация лозим. Банк, солиқ ё молия тизими соҳасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаётган шахс узоқ маҳаллага уйма-уй юриб, фуқаролар муаммосини ҳал этиш учун қандай мотивацияга эга бўлиши лозим? Ушбу лавозимга тайинлашда бунчалик шошилмасдан, ҳар бир маҳалладан молия ёки иқтисод соҳасида ишлаётган ё ишлаб яқинда пенсияга чиққанлар бор-йўқлигини аниқлаб, шунга мувофиқ ҳоким ёрдамчиларини танлаб олса бўлмасмиди?
Давлатимиз раҳбарининг «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги 2021 йил 3 декабрдаги фармонида ҳоким ёрдамчилари лавозимига олий маълумоти бўлмаганлар ҳам ишлаши мумкинлиги белгиланган-ку?
Худди шундай, маҳаллаларда Ёшлар агентлиги вакили лавозими жорий этилди. Номзодлар билан маҳалла раиси иштирокида жиддий суҳбат ўтказилди. Аммо айрим ҳолларда маҳалла таклиф этган номзодлар қолиб кетиб, маҳаллани билмайдиганлар танлаб олинибди.
Биз Боғимайдон маҳалламиздан уч нафар номзод рўйхатини юборган эдик. Улардан бири суҳбатдан ўтган эди. Кейинчалик маълум сабабларга кўра уни алмаштиришди. Негадир бизни, яъни маҳаллани хабардор қилмасдан бошқа вакил тайинлашди. Шунга ҳам 10 кундан ошди. Аммо у кимлигини билмаймиз. Бизнинг мутасаддиларга қилган мурожаатимиз натижасиз қолмоқда.
Бировни тайинлашдан олдин маҳалланинг ўзида лойиқ номзод борлигини сўраш керак эмасмиди?!
Ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади: Ёшлар етакчиси ўзи билмаган маҳалла ёшларини ўз орқасидан етаклай оладими? Балки у яхши ташкилотчидир. Лекин маҳалла ёшларини, уларнинг муаммосини билмаган етакчи қандай қилиб ўз вазифасини уддалайди? У муаммоли ёшлар билан қандай ишлайди?
Мени тўғри тушунишларини истардим: бу қандайдир маҳдудлик нишонаси ёки маҳаллийчилик эмас. Бу жамиятимиз манфаати йўлида президент ўртага ташлаган ташаббуснинг самарали ижросини таъминлаш учун қайғуришдир. Ахир давлатимиз раҳбарининг ташаббуси маҳалла ёшлари муаммосини ҳал қилиш учун қаратилган эмасми?
Харажатларимиз
Маҳалла фуқаролар йиғинлари давлат идоралари зиммасидаги кўплаб юмушларни бажариб келмоқда ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечишда уларга кўмаклашмоқда. Шунга қарамасдан, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини ташкил этишга лозим бўладиган сарф-харажатларни маҳалла оқсоқолларининг ўзлари топишга мажбур бўлмоқда. Булар, коммунал тўловлардан ташқари, яна интернетдан фойдаланиш учун лозим бўлган ҳамда идора ашёлари сотиб олишга керак маблағни ўз ичига олади.
Иш учун оқ қоғоз ва турли идора ашёлари керак бўлади. Бир йилда бир марта икки пачка қоғоз, беш-олтита ручка, қалам каби ашёлар берилмоқда. Аммо булар йил давомида ишлатиш учун етарли эмас. Ўзимиз яна қоғоз ва бошқа ашёларни сотиб оляпмиз.
Эндиликда бу йўналишдаги вазият ўзгараётгани диққатга сазовор. 2021 йилнинг 17 октябрида эълон қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Молия вазирлигига 2021 йилда барча маҳалла фуқаролар йиғинларига зарур канцелярия товарлари хариди учун 9,2 миллиард сўм маблағ ажратиш ҳамда 2022 йилдан бошлаб ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутиш вазифаси юклатилди.
Натижада, ўтган йил декабрь ойининг охирларида шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимидан ҳар бир маҳаллага идора ашёлари берилди. Бу гал маҳаллалар олган ашёлар авваллари шаҳар ҳокимлиги берадиганидан анча кўп эди.
Аммо коммунал тўловлар ва интернетдан фойдаланиш учун қилинаётган харажатлар нима бўлади? Ўтган йили шаҳар ҳокимлигидан икки-уч марта «маҳалланинг коммунал тўловлардан қарзи бўлса айтинглар, тўлаб берамиз», деган мазмунда номалар олган эдик. Аммо ушбу тўловларни олдиндан амалга ошириш кераклигини ҳамма билади-ку?
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бухгалтерияси маҳаллий ҳокимликлар бухгалтериясидан ажралиб, мустақил бўлгани туфайли балки энди бу борада ҳам вазият яхши томонга ўзгарар?
Маҳалла ходимлари томонидан кўп марта кўтарилган ва турли тушунмовчиликлар-у гап-сўзларга сабаб бўлаётган яна бир муаммо бор. Гап маҳалла ходимларига тўланиши лозим бўлган 30 фоизлик устама устида кетмоқда.
Бундай устама тўлаш Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПФ–5938-сонли фармонида кўзга тутилган эди. Айрим ҳудудларда, жумладан Самарқанд вилоятининг қатор туманларида бу устама тўлаб берилган. Аммо Самарқанд шаҳри ва бир қатор туманларда бу иш пайсалга солиниб келинмоқда. Фармон ижросини бажариш маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб қолганми?
(Давоми бор)
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд шаҳар «Боғимайдон» МФЙ раиси.
Мавзуга оид
08:51
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024