Ўзбекистон | 18:32 / 16.01.2022
18080
5 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон туман ҳокимлиги фуқародан 123 млн сўм қарз. Ундирувга келганда МИБ яна ожиз

Фуқаронинг ноқонуний бузилган боғи учун ҳокимлик 123 млн сўм тўлаши керак. Собиқ ҳокимнинг нотўғри қарори учун маҳаллий бюджет зарар кўради. Амалдаги ҳоким эса қарздан қутулишга шошилмаяпти.

Kun.uz мухбири Каттақўрғон туманида бўлиб, Умарованинг турмуш ўртоғи Дилмурод Давиров ҳамда туман ҳокими Жамшид Насриддинов билан суҳбатлашди.

Оилага Каттақўрғон тумани ҳокимининг 1995 йил 29 ноябрдаги қарори билан ҳудуддан 1 гектар ёмон ҳолатдаги узумзор деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун хусусийлаштириб берилган. Давировнинг айтишича, йиллар давомида ушбу боғда меҳнат қилган ва даромад олиб келган.

Аммо 2020 йил 13 март куни туман ҳокимлигининг бир гуруҳ ходимлари техника ёрдамида боғни буздиришган. Масъуллар ушбу ерлар «Каттақўрғон Клубника» МЧЖга тегишли эканини маълум қилишган. Давиров бир гектар ерда мингдан ортиқ ток экилгани ва йилига ўртача 4,5-5 тонна ҳосил олганини айтмоқда.

Шундан сўнг Давиров туман ҳокимининг 2019 йил 7 феврал куни чиқарилган (деҳқон хўжалиги ер майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланилмагани сабабли ерни туман захирасига қайтариб олиш тўғрисида) ҳақиқий эмас деб топишни сўраб, судга мурожаат қилган.

Самарқанд туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 4 февралдаги қарори билан фермер аризаси дастлаб рад этилади. Шундан сўнг вилоят маъмурий судига апелляция берилади. Аммо вилоят ҳам қарорни ўзгаришсиз қолдиради.

Давировлар Олий судга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Оила бошлиғининг айтишича, Олий судда адолат қарор топади. Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 25 майдаги ажрими билан туман ҳокимининг 2019 йил 7 феврал – ерни захирага олиш тўғрисидаги қарори бекор қилинади.

Бироқ жараён шу билан якунланмайди. Давиров туман ҳокими қарори бекор қилингач, моддий ва маънавий зарар ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига мурожаат қилади. Суд даъвони қисман қаноатлантириб, туман ҳокимлигидан жами 123 миллион сўм моддий-маънавий зарар ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради. Шунингдек, туман захира ерларига олинган Э.Қурбонов массивидаги бир гектар токзор ер майдони Ҳадича Умаровага қайтарилиши белгиланади.

Ушбу қарорга кўра, Ҳадича Умаровадан давлат фойдасига 22 710 000 сўм миқдорида давлат божи ундирилиши ҳам қайд этилган. Умарованинг турмуш ўртоғи Дилмурод Давировнинг маълум қилишича, МИБ кўпроқ қарорнинг мана шу қисми, яъни Давировлардан давлатга бож ундиришга урғу беряпти. Мурожаатчи дастлаб 123 миллион сўм зарар ундирилиши, ундан кейин давлат божини тўлаш мақсадга мувофиқлигини айтмоқда.

Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддинов ҳам ҳолат юзасидан фикрларини билдирди.

Насриддинов ушбу ҳолат ўзининг раҳбарлик пайтида кузатилмаган бўлса-да, воқеадан хабардорлигини айтиб ўтди ва суд қарорига эътироз қилмаслигини билдирди.

«Давировлар муҳими ердан самарали фойдаланишса бўлди, эътирозимиз йўқ. Аммо Каттақўрғон туманлараро судининг 2021 йил 8 сентябр кунги қарорида ерни қайтаришдан ташқари, туман ҳокимлигидан 123 млн сўм моддий-маънавий зарар ундириш кўзда тутилган. Қарорнинг зарарни ундириш билан боғлиқ қисми бўйича судга мурожаат қилмоқчимиз. Агар иш фуқаро фойдасига ҳал бўладиган бўлса, ҳеч қандай эътирозимиз йўқ», деди ҳоким.

Шу ўринда ҳуқуқшунослар яхши тушунадиган бир қоидага эътибор қаратамиз: суд процессуал нормаларига кўра биринчи инстанция суди чиқарган ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят киритиш муддати – 1 ой!

Каттақўрғон туманлараро судининг 2021 йил 8 сентябрдаги қарори ижроси бўйича Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи Насим Турапов билан телефон орқали боғландик. Турапов фуқаро фойдасига 123 млн сўмни ундиришни сўраб туман ҳокимига ўтган йилнинг октябр ойида хат чиқарилганини маълум қилди. Бироқ туман ғазна бўлими бу каби ҳолатлар учун харажатлар вақтинча тўхтатилганини маълум қилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Давировларнинг ўзи ҳам бугун «ёз-ёз»лардан чарчаган.

«Биз еримизда қонуний ва самарали ишлашимиз учун ҳокимлик ўз талабини қўйиш баробарида, мажбуриятини ҳам инобатга олсин» деган истакни билдиряпти. Туман ғазна бўлими ҳамда ҳокимнинг муносабати шуни англатадики, Каттақўрғонда суд қарорини ижро этишдан қочиляпти.

Бу ўринда қонунларнинг барча учун аниқ ва бир хилда бажарилиши учун масъул бўлган Бош прокуратуранинг бир бўлаги бўлган МИБ ҳокимлар олдида ожиз экани яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири

Суратлар муаллифи: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид