Ўзбекистон | 15:30 / 17.01.2022
4982
3 дақиқада ўқилади

ОКМК: 2021 йилда бирлашмада янги тур маҳсулотлари ўзлаштирилди

ОКМК Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси меҳнат жамоаси 2021 йилни самарали якунлади.

Фото: ОКМК

Жумладан, меҳнат жамоаси олдига ўтган йилда 188,9 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш вазифаси юклатилган эди. Маррани катта олган меҳнат жамоасининг саъй-ҳаракатлари билан ўтган йилда 377,5 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, режа 199,8 фоизга бажарилди.

Товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш вазифаси эса 215,8 фоизга уддаланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Комбинат ички эҳтиёжлари учун эса 23,7 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Молибден 3 оксиди ишлаб чиқариш режаси ҳам ўтган йилда 128,6 фоизга бажарилган ҳолда 115,3 фоизлик ўсиш суръати таъминланган. 1281,6 тонна ушбу маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Башорат кўрсаткичи бўйича 656 тонна молибден штабиги ва брикети ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, амалда бу вазифа 812,5 тоннага уддаланди. Режа 129,5 фоиз, ўсиш суръати эса 110,6 фоизга етказилган.

Оловбардошли керамик буюмлар ишлаб чиқариш бўйича 838,3 тонналик натижа қайд этилган. Режа 117,4 фоиз, ўсиш суръати эса 118,6 фоиз бўлган.

Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланган ҳолда 94,3 тонна молибден метали тайёрланди. Режа эса 120,6 фоизга уддаланди.

Яна бир муҳим жиҳат - бирлашма томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар асосан экспорт қилинади. Экспорт йўналишида ҳам юқори самарадорлик кузатилди. 2021 йилда 30,5 млн долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, режа 250,4 фоизга бажарилгани ва ўсиш суръати 208,8 фоизга етказилгани эътирофга лойиқ.

Бирлашмада маҳаллийлаштириш дастури ҳам самарали амалга ошириб келиняпти. Ўтган йилда дастур доирасида 32та лойиҳа амалга оширилиб, режа 106,6 фоизга бажарилган ва 60,3 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

2021 йил бирлашма учун омадли келди десак муболаға бўлмайди. Комбинат олимларининг самарали изланишлари натижасида бирлашмада соф ҳолатдаги(99,99 фоизлик) рений метали олинишига муваффақ бўлинди.

Шунингдек, ўтган йилда бирлашмада диаметри 3,0мм.дан 20,0 мм.гача бўлган қаттиқ қотишмали свёрла маҳсулотини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Ушбу ускунадан пўлат, тобланган пўлат, зангламайдиган пўлат, чўян, алюминий, мис, рангли, композит материаллар, иссиқликка чидамли қотишмаларни ўйишда фойдаланилади.

Бундан ташқари, комбинат шахталарида ёпишқоқ монолитли породаларида шпурларни бурғилаш учун КНШ бурғилаш коронкаларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу ускунадан фойдали қазилмаларни қазиб олишда фойдаланилади.

Ўтган йилда яна бир янги маҳсулот турини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Якуний уч томон конуссимон кескичи тозалаш ва лаҳм ўтиш комбайнларининг тутқич ва унга қотирилган армирланган ўрнатма ёки пластинали (қаттиқ қотишмали маҳсулот) иш қуроли саналади.

Лаҳм ўтиш комбайни- комбинацияланган(кўп соҳали) тоғ-кончилик машинаси ҳисобланиб, бир вақтнинг ўзида фойдали қазилмалар(минерал хом-ашёлар, тузлар ва бошқалар)ни парчалаш ва уни конвейерга юклаш операцияларини ҳам бажариб боради.

2022 йилда ҳам бирлашма меҳнат жамоаси олдига юксак марраларни қўйган. Хусусан, мис саноати кластерини ривожлантириш доирасида бирлашмада бир қатор янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда.

Шерзод Тиловбердиев, веб муҳаррир Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид