Ўзбекистон | 12:16 / 17.01.2022
15738
2 дақиқада ўқилади

«Тадбиркор ручка сотиб олиб, сув сотмаслиги учун ҳам E-aktiv жорий қилинди» — Шерзод Қудбиев

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевга кўра, корхоналардаги мавжуд маҳсулотлар ҳаракатини кузатиб бориш ва қора схемаларга қарши курашиш учун E-aktiv платформаси жорий қилинган.

Фото: Kun.uz

Солиқ маъмуриятчилигидаги сўнгги янгиликларга бағишланган матбуот анжуманида қўмита раиси Шерзод Қудбиев эътирозларга сабаб бўлаётган E-aktiv платформаси нега жорий қилинаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

«E-aktiv платформаси жорий қилинишидан асосий мақсад мавжуд маҳсулотлар ҳаракатини кузатиб бориш. Масалан, ручка сотиб олиб, сув сотиш мумкин эмас-ку. Мана шу ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам E-aktiv қилиняпти. Агар сиз печенье ишлаб чиқарсангиз ва ун сотиб олсангиз, биз бунга аралашаётганимиз йўқ. Бирорта тадбиркорлар субъекти айта олмайди-ку, шу платформа сабаб ишлаб чиқариш тўхтаб қолди деб. 24та энг йирик солиқ тўловчилари тўлиқ E-aktiv’ни интеграция қилиб бўлди. Айнан мана шу тизимлар орқали қора схемаларга қарши курашяпмиз», деди Қудбиев.

Маълумот учун, 2022 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган юридик шахслар асосий воситалари, номоддий активлари ва товар-моддий ресурсларини ҳисобга олиш, ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни ДСҚнинг E-aktiv автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиши мажбурий қилинган.

Тадбиркорлар эса ушбу платформага жиддий эътирозлар билдиришмоқда:

«Дастур жуда примитив, фойдаланишга ноқулай. Фақат 1С ёки 1УЗ дастури фойдаланувчилари интеграция орқали енгилроқ фойдаланишлари мумкин. Сайтга корректировка киритиш функцияси йўқ. Онлайн фактураларга яхши боғланмаган. Хуллас, камчиликлари кўп бўлган сайтда ишлашни мажбурий қилиш – бухгалтерларни сарсон қилишдан бошқа нарса эмас. Бу техник носоз автомобилни кўчага ҳайдашга мажбурлаб чиқаришдек гап. Аварияга учраш ёки жаримага тушиш муқаррар!» дея таъкидлаган Kun.uz’гa мурожаат қилган тадбиркорлардан бири.

Мавзуга оид

Эълонлар