Ўзбекистон | 08:42 / 18.01.2022
5702
2 дақиқада ўқилади

Хизмат машиналаридаги регистратор орқали қайд этилган қоидабузарликлар марказлаштирилган тизимга жойлаштирилади

Фото: РИА Новости

Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ички ишлар вазирлигининг йўлларда транспорт оқимини ҳисоблаш, тирбандликлар олдини олиш ва қидирувда бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналишини аниқлаш, транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни масофадан узатиш ҳамда ҳаракатланишини назорат қилиш имкониятини яратувчи “RFID” (Радио частотани идентификациялаш технологияси) тизимини (“RFID” тизими) жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра 2023 йилнинг иккинчи чорагига қадар “RFID” тизимини жорий этиш доирасида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудида рўйхатга олинган транспорт воситалари уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш ҳамда уларни техник кўрикдан ўтказишда “махсус белги билан жиҳозланган стикер”лар билан бепул таъминланади.

Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардияси:

  • 2022 йил учун кўзда тутилган бюджет маблағлари доирасида, тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси ва бошқа тақиқланмаган маблағлар ҳисобига барча хизмат автотранспорт воситаларини видеорегистраторлар билан тўлиқ жиҳозлайди;
  • хизмат автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни марказлаштирилган тизимга (“jarima.uz” веб сайтига) жойлаштириш чораларини кўради;
  • хизмат автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 20 сентябрдаги 747-сон қарорининг иловасига мувофиқ амалга оширилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид