Ўзбекистон | 07:40 / 19.01.2022
2149
3 дақиқада ўқилади

Қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича экспертлар реестри шакллантирилади

Адлия вазирининг “Қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича экспертлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича экспертлар реестри ‒ Адлия вазирлиги томонидан юритиладиган мустақил ва илмий экспертлар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган ягона маълумотлар базаси.

Экспертлар реестрини юритиш, унга тегишли маълумотларни киритиш Адлия вазирлигининг Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Мустақил ва илмий экспертлар тўғрисидаги маълумотларнинг Экспертлар реестрига киритилиши мустақил ва илмий экспертларнинг расмий тасдиғи ҳисобланади ҳамда мустақил ва илмий экспертлар тўғрисидаги маълумотларни Экспертлар реестрига киритиш ва бу ҳақида тегишли билдиришнома бериш орқали амалга оширилади.

Экспертлар реестрини юритиш мустақил ва илмий экспертларнинг фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга оширилади. Мустақил ва илмий экспертлар тўғрисидаги маълумотларни Экспертлар реестрига киритиш учун тўлов ундирилмайди.

  • Мустақил экспертларга қуйидаги талаблар қўйилади: Ўзбекистон фуқароси бўлиш; олий маълумотга эга бўлиш; мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик иш стажига эга бўлиш; коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида махсус билим ва кўникмаларга эга бўлиш;
  • Илмий экспертларга қуйидаги талаблар қўйилади: Ўзбекистон фуқароси бўлиш; олий маълумотга эга бўлиш; илмий ташкилот ва (ёки) олий таълим муассасасида фаолият юритаётган ҳамда мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик иш стажига ёхуд илмий даражага ва (ёки) илмий унвонга эга бўлиш.

Қуйидагилар мустақил ва илмий эксперт бўлиши мумкин эмас:

  • давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда ишлаётган шахс;
  • муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;
  • қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
  • ўзига нисбатан суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси юритилаётган шахс.

Мустақил ва илмий экспертнинг фаолияти тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид