Жамият | 19:33 / 19.01.2022
25291
3 дақиқада ўқилади

Видео: Андижондаги мактабда ходимларнинг эрталабки гимнастикаси

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Жалақудуқ туман 1-ИДУМ ходимларининг эрталабки ритмик гимнастика машғулотлари видеоси тарқалди. Халқ таълими вазирлиги “соғлом турмуш тарзи фасл ва жой танламаслиги”ни билдирди.

Фото: Видеодан кадр

Видеода 20дан ортиқ эркак ва аёл ходимлар қишки кийимда, мактаб ҳовлисида колумбиялик қўшиқчи Шакиранинг Waka-Waka ашуласига мос ритмик машқлар қилаётганини кўриш мумкин.

Халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамова машқлар ўқитувчиларга “кайфият бағишлаётгани”ни айтиб изоҳ берди.

“Ушбу видеонинг қайси жойида кўзбўямачилик кўрдингиз?

Афсуски, ижтимоий тармоқлардаги айрим каналлар томонидан ушбу видеога “Кўзбўямачиликнинг туби борми⁉️” дея “таъриф” берилган.

Наҳотки, инсон саломатлиги ва кайфияти учун амалга оширган ушбу ритмик бадантарбия машқи ҳам биз учун салбий таассурот уйғотса?!

Соғлом турмуш тарзи фасл ва жой танламайди. Ривожланган давлатларда ҳам иш куни мана шундай бадантарбия машқлари билан бошланади. Бундай кайфиятда бошланган кун иш фаолиятида ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Машқлар ўқитувчиларга қанчалик кайфият бағишлаётганини пайқаш қийин эмас”, – деди вазирлик расмийси.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда соғлом турмуш тарзига оид президент фармони қабул қилинган эди. Фармонга асосан, 2021 йил 1 январдан бошлаб, давлат органлари ва ташкилотларида қуйидагилар белгиланган эди:

  • меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юкланиб, унинг иш ҳақига 20 фоиз устама белгилаш;
  • ҳафтада камида бир марта, иш вақтидан сўнг раҳбар ва барча ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланишини йўлга қўйиш;
  • ҳар шанба соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этиш. Бунда, мусобақалар байрамона руҳда, “шоу” кўринишида ўтказилишига, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилишига алоҳида эътибор қаратиш.

Фармон билан биринчи раҳбарларга “шахсий намуна” тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражаси, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичлари яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш топширилган эди.

Мавзуга оид